Қайси тоифадаги хотин-қизлар олий таълим муассасасига имтиёзли равишда қабул қилиниши мумкин?

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши учун бир қанча имтиёзлар тақдим этилгани боис, олий таълимда ўқиётган талабалар сонида хотин-қизлар улуши кўпроқ. Фоизсиз таълим кредитлари, эҳтиёжманд қизларга грантларнинг ажратилиши, хотин-қизларнинг магистратурадаги таълими учун маблағлар давлат томонидан қоплаб берилиши каби имтиёзлар берилгани сабабли хотин- қизларнинг олий таълимдаги қамрови қарийб 53 фоизга, магистратурада 62,7 фоизга етди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги  “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, шунингдек, эҳтиёжманд оилалардан бўлган хотин-қизлар учун алоҳида қабул квоталари доирасида олий таълим олиш имкониятлари яратилган.  

Хўш, мазкур имтиёзлардан фойдаланиш тартиби қандай?

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажи мавжуд, лекин олий маълумотга эга бўлмаган, ўрта махсус ёки профессионал таълим муассасаларини тамомлаган талабгор хотин-қизлар тавсиянома олиш учун жорий йилнинг 31 май (шу куни ҳам) кунига қадар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига мурожаат қилиши керак бўлади.

Тавсиянома қандай мезонлар асосида берилади?

Мутахассиснинг сўзларига кўра, тавсиянома асосан кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар учун берилади. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади.

Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар, турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар, ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, икки ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари, ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар бу имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

Тавсиянома - ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech