Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, жумладан, мамлакатдаги демократик жараёнлар тўғрисида сўз юритди.
“Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!”, деди Президент.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек мамлакатимизда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларнинг халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётида тутадиган ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида тўхталди.
“Ҳаммамизга яхши маълумки, олдимизда катта сиёсий воқеа турибди, –деди давлатимиз раҳбари. – Шу йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади.
Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади.
Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради, деб ишонаман.
Бугунги кунда қанча-қанча билимли, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда.
Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Азиз фарзандларимиз эл-юртимизнинг ана шундай юксак эътиборига муносиб бўлиб, ўз салоҳияти билан, миллий ғоямизга садоқати билан Ўзбекистонимизни бутун дунёга тараннум этишларига ишонаман ва бу йўлда уларга бахт ва омад тилайман”, деди Президентимиз.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 август куни мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашганди. Мулоқот чоғида партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, шу йил декабрь ойида миллий парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларга тайёргарлик ишларининг бориши тўғрисида, бу борадаги энг муҳим ва долзарб масалалар хусусида атрофлича фикр юритилди.
Маълумки, мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ҳаракатлар стратегияси асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда бешта сиёсий партия – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партия фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу сиёсий партияларнинг ўз ғоя ва дастурларини амалга ошириши, сайловларда тенглик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида фаол иштирок этиб, парламент, маҳаллий вакиллик органларида ўз фракциялари ва партиявий гуруҳларини шакллантириши ҳамда мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча қонуний асослар яратилган. Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси бу борада янада кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.09.2019
- Кўришлар: 6807
- Чоп этиш