Соғлом жамият соғлом муҳитдан бошланади

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазирликлар ва ҳокимликлар фаолияти чуқур таҳлил қилинди.

Йиғилишда давлат бошқарувидаги муаммолар, айниқса, маҳаллий даражадаги тузилмаларнинг мустақил қарор қабул қилишдаги чекланиши танқидий кўриб чиқилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, жойларда оддий масалаларни ҳал қилиш учун ҳам туман раҳбарлари вилоятдан, вилоят эса Тошкентдан рухсат сўрашига тўғри келади.

Бунинг оқибатида вақт йўқотилади, одамлар рози бўлмайди, масалалар чўзилиб кетади. Масалан, Қумқўрғондаги темир йўлдаги шлагбаум ҳар куни 20 марта ёпилади. Агар у 200 метрга кўчирилса, 8 минг машинага қулайлик яратилади. Аммо ҳокимликнинг бунга ваколати йўқ — бунинг учун “Ўзбекистон темир йўллари”дан алоҳида рухсат олиниши керак.

Бу таҳлилдан келиб чиқадиган асосий хулоса: ҳар бир тузилма ўз ишига жавобгар бўлиб, маҳаллий даражадаги муаммоларни ҳал қилиш ваколатлари кенгайтирилиши шарт. Иккинчидан, ҳар бир раҳбар ташаббускор, ҳалол ва халқ дардини эшитадиган бўлиши керак. Бу борада, давлатимиз раҳбари: "Ҳокимлар бир нарсани яхшилаб тушуниб олсин: бугун туғилган муаммо эртагача қолмаслиги керак. Халқнинг мурожаатини бир идорадан иккинчисига юбориб юрмасдан, шу ернинг ўзида, шу куннинг ўзида ҳал қилиш зарур!", дея таъкидлади. Бу каби муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун ваколатлар кенгайтирилади ҳамда муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурслар ажратилади. 

Маҳаллий даражада ташаббусни ошириш, халқни эшитиш ва муаммоларни зудлик билан ҳал этиш давр талабидир. 

Шунингдек, бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири – бу ҳар бир инсон соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун энг аввало, тоза ҳаво, соф сув, яшиллик ва тинч муҳит зарур. Бу – шунчаки табиий ресурс эмас, балки инсоннинг конституциявий ҳуқуқи! Агар ҳаво ифлос бўлса, касаллик кўпайиши муқаррар. Ёки дарахтлар кесилса, ёмғир камаяди, иссиқлик ортади. Шунингдек, агар яшил ҳудудлар қурилишга бериб юборилса, болалар ўйнайдиган, кекса инсонлар дам оладиган жойлар йўқолади. Шунинг учун ҳар бир маҳаллада ҳовлилар орасидаги яшил ҳудудлар сақланиши керак. 

Ўзбекистон Конституциясининг 49-моддасида ҳар бир фуқаро учун қулай атроф-муҳитга бўлган инсон ҳуқуқи белгиланган. 
Бу ҳуқуқ — инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида тан олинади.

Демак, ҳар бир фуқаро тоза ҳаво, соф сув, табиий муҳитнинг зарарсиз ҳолатидан баҳраманд бўлишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. 

Иккинчидан, мазкур моддада қайд этилишича, ҳар бир фуқаро ишончли ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимият атроф-муҳитнинг ҳолати ҳақида ошкора, аниқ ва вақтида маълумот тақдим этиши шарт. 
Бу ҳуқуқ аҳолини экологик хавфлардан ҳимоя қилиш, огоҳлантириш ва иштирокини таъминлашда муҳимдир.

Учинчидан эса, жамоатчилик назорати имконияти берилганки, унга кўра, давлат шаҳарсозлик соҳасидаги қарорлар (масалан, янги уйлар қурилиши, ишлаб чиқариш объектлари, йўллар ва бошқа лойиҳалар) бўйича жамоатчилик муҳокамалари учун шарт-шароит яратиши шарт.

Давлат сиёсатининг асоси — табиатни ҳимоя қилиш ва иқтисодий ўсиш ўртасида мувозанатни сақлашга қаратилганининг амалий ифодаси сифатида давлатимиз раҳбарининг прокуратура, адлия ҳамда “Ўзбеккосмос” ва Кадастр агентлигига биргаликда қайси ҳудудда “яшил” ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳи бошқа мақсадлар учун бериб юборилган бўлса, ҳаммасини аниқлаб, жойига қайтариш топшириғини берганида ҳам кўриш мумкин. Қувонарлиси, кўпгина эътирозларга сабаб бўлаётган кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни бошқарув компанияларига бериш бўйича ҳокимларнинг қарорларини ўрганиб, қонунга зидларини бекор қилиш вазифаси қўйилди. "Бор спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, уйлар орасидаги яшил ҳудудлар қурилиш учун бериб юборилаётганидан одамлар норози", деб бежиз айтилмади. Зеро, Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар орасидаги яшил ҳудудлар, болалар ўйингоҳлари ва спорт майдончаларининг қурилиш учун хусусий шахсларга ёки тадбиркорларга берилиши, аҳолида адолатсизлик ва норозилик туғдираётган реал муаммодир.

Давлатимиз раҳбари маҳаллалардаги ижтимоий муҳитга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Зеро, янги Ўзбекистоннинг ҳар бир сонияси, эртаси маҳалладан бошланади. Шундай экан, маҳалла халқнинг юраги, унинг тинчлиги ва тараққиёти асосидир. Лекин минг афсуски, бугун мамлакатимиздаги 1 минг 24 та маҳалла “оғир” тоифага киритилгани, 1 минг 294 та маҳаллада жиноятчилик даражаси юқори экани, 1,5 мингида эса оилаларда ажримлар кўпайгани — бу нафақат статистика, балки жамиятимиздаги оғриқли нуқталар эканини кўрсатади. Энг кўп “оғир” маҳаллалар Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида жойлашгани ҳам бежиз эмас — аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муаммолар ҳам кўп тўпланган. Бу ҳолат шунчаки рақам эмас — ҳар бир “оғир” маҳаллада инсон тақдири, фарзанд тарбияси, оиладаги тотувлик, қўшничилик қадриятлари хавф остида. Шу сабабли, маҳаллаларни тиклаш — миллатнинг келажагини тиклаш билан баробардир. Ана шу ишни биргаликда шаффофликда амалга ошириш мақсадида яқин кунларда маҳаллалардаги сайловлар ўтказилганининг гувоҳи бўлдик. Бугунга қадар 8 481 та маҳаллада маҳалла раиси сайловлари ўтказилди. Улар орасидан 3 590 нафар янги раис сайланди, 4 891 нафари жойини сақлаб қолди. Бу рақамлар халқнинг фаоллиги ва муносабат билдира олиш қобилияти ошиб бораётганини кўрсатади. 

Буни тўғри йўналишдаги ўзгариш, ислоҳот десак бўлади. Чунки маҳалладаги муаммони маҳалланинг ўзи ҳал қилмаса, уни ташқаридан келиб ҳеч ким ечиб беролмайди. Шу боис, маҳалла тизимида янги дунёқараш ва билимлар зарур бўлаётганини давр талаб этмоқда. Бу ҳақда ҳам президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, маҳаллалар уюшмаси: маҳалла раислари ва “еттилик” (ҳуқуқ-тартибот, таълим, тиббиёт, хотин-қизлар, ёшлар ва бошқа соҳалар вакиллари)ни янгича ишлаш, халқ ичида муаммони олдиндан аниқлаш, профилактика қилиш, ёшларни тарбиялаш каби масалаларга йўналтириш зарур.

Маҳаллада жиноятчиликни камайтириш учун фақат профилактика ва назорат эмас, ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар ва аёллар билан ишлаш керак.

Масалан, болаларга спорт, билим, маданият муҳитини яратиш, оилаларда ажримларнинг олдини олиш учун маҳаллада “оиланинг маслаҳатчиси” деган янги вазифаларни амалий жорий этиш, ҳар бир раис — маҳалладаги 100 нафар ёшни шахсан таниши, уларнинг муаммоси билан қизиқиши керак.

“Оғир” тоифадаги маҳаллаларни соғлом ва фаол ҳудудларга айлантириш ўзгаришларни энг пастки поғонадан бошлаш деганидир.

Фируза Муҳитдинова,

Халқ депутатлари Миробод туман кенгаши депутати.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech