Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш бўйича минтақавий лойиҳаси билан ҳамкорликда зўравонликка қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ мажлиси бўлиб ўтди.
“Зўравонликка қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликдаги ҳаракатлар: аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси, зўравон экстремизмга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида ўтган ушбу мажлисда сенаторлар, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, бир қатор вазирлик-идоралар масъуллари, шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.
Муҳокамада айни йўналишдаги энг долзарб масалалар, шу жумладан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, ёшлар билан тизимли ишлаш, профилактика жараёнида аёлларнинг фаоллигини ошириш ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Қўмита раиси Орзигул Козихонова ўз сўзида бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган зўравонликка қарши курашишда давлат ва нодавлат тузилмаларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракати муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, ёшлар ва аёллар иштирокини фаоллаштириш, айниқса, маҳалла даражасида эрта профилактика чоралари самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Лайло Аслонова ҳудудларда ёшларни медиасаводхонлигини ошириш, мавжуд бўлган контентларга танқидий фикр юритиш борасида ўқув семинарлари ўтказиш таклифини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар бу йўналишда олиб борилаётган ишларни янада яхшилаш, тегишли қонунчилик ва ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш борасида таклиф ва тавсиялар билдирди.
Шунингдек, ҳар бир ишчи гуруҳ аъзосининг таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, идоралараро ишчи гуруҳнинг иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 17.06.2025
- Кўришлар: 144
- Чоп этиш