Совуқ қурол ҳимоя мақсадида олиб юрилса, жавобгарлик белгиланади

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бу бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда совуқ қуролни ноқонуний равишда жамоат жойларида олиб юриш ҳолатлари кескин кўпайиб, бу ҳолат жамоат хавфсизлиги, фуқароларнинг тинч ҳаёти, ҳуқуқий тартиботга жиддий таҳдид солмоқда. Айрим шахслар жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам яна совуқ қуролни олиб юришмоқда. Шу боис қонунчиликда бу каби ҳуқуқбузарликларни такроран содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари қатъийлаштирилмоқда.  

Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида кўриб чиқилди.

Лойиҳага кўра, совуқ қуролни фойдаланиш мақсадида ғилофсиз олиб юриш 1 йил давомида такроран содир этилган бўлса, жавобгарлик белгиланмоқда. Шу билан бирга, совуқ қуролни спорт ёки хўжалик ишларидан ташқари, ўзини ҳимоя қилиш ёки бошқа мақсадда олиб юриш 1 йил давомида такроран содир этилган бўлса, жавобгарлик белгиланади.  

Шунингдек, оилавий тазйиқ ва зўравонлик жиноятини содир этган шахсларга қурол олиш ҳуқуқини бермаслик ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларда мавжуд қуролларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча олиб қўйиш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.   

Яна бир муҳим ўзгариш — наркологик касалликка чалинган шахсларни даволаш тартиби билан боғлиқ бўлиб, бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ҳам суд қарори билан даволашга юборилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.  

Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech