18-19 ноябрь кунлари Истанбул шаҳрида дунё Омбудсманларининг шу мавзудаги иккинчи халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда 50 дан ортиқ мамлакат, жумладан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған қутлади. Очилиш маросимида, шунингдек, Туркия Буюк Миллий ассамблеяси раиси Мустафа Сентоп, Туркия Кассация суди раиси Исмаил Сирит, Туркия Республикаси Бош омбудсмани Шереф Малкоч табрик сўзлари билан чиқди.
Конференциянинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан илғор тажрибалар билан алмашиш, самарали давлат бошқаруви тамойилларининг турли давлатларда қўлланилиши ва ўзига хослиги, шунингдек мазкур тамойилларни халқаро, миллий ва маҳаллий даражада амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ўрнини муҳокама қилишдир.
Анъанага айланаётган ушбу халқаро конференцияда дунёнинг турли мамлакатларидан инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар, миллий омбудсманлар, шунингдек парламент, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди. Тадбирда Европа Иттифоқи, Осиё ва Африка, МДҲ ва Марказий Осиё давлатларидан инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича етакчи халқаро экспертлар жам бўлди.
Мамлакатимиз делегацияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У.Муҳаммадиев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва Ўзбекистон Омбудсмани Котибияти раҳбари С.Азимовдан иборат. Делегация аъзолари халқаро анжуман иштирокчиларини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган натижалардан хабардор қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиш учун номзодини илгари сургани тўғрисида ахборот берилди. Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуслари ва ёндашувлари халқаро экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари халқаро конференция доирасида туркиялик ҳамкасблари билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Бунда, айниқса, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Сулейман Арслан билан учрашув муҳим аҳамият касб этди.
Сулейман Арслан жорий йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Олтинчи йиллик семинарида қатнашган. У мулоқот чоғида Тошкент халқаро анжумани натижаларини юксак баҳолади.
Пойтахтимизда мазкур Институт билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Милллий маркази ўртасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланганди. С.Арсланнинг қайд этишича, ушбу Меморандум Ўзбекистон ва Туркия инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
Туркия Республикасининг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик бўйича институти раиси, шунингдек, Ўзбекистон кейинги уч йил ичида барча соҳаларда улкан натижаларга эришганини эътироф этди. “Декабрь ойида юртингизда бўлиб ўтадиган сайловлар янгиланаётган Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғрилигини яна бир бор тасдиқлашига аминман", деди С.Арслан.
Маълумот учун: Туркиянинг Омбудсман институти 2012 йилда ташкил топган. Унинг асосий мақсади давлат бошқаруви органлари устидан келиб тушадиган шикоятларни мустақил ва самарали тарзда кўриб чиқиш ҳамда Туркия парламентига ҳисобот беришдир.
Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти 2016 йил апрель ойида тузилган. У тенг миқдордаги Ҳайъат ва Бошқарув аъзоларидан иборат. Институт Бошқаруви таркибига кирадиган 11 нафар аъзо Туркия Президенти томонидан тайинланади. Бошқарув ўз зиммасидаги вазифа ва ваколатларни, масъулиятни зиммасига олган ҳолда, мустақил амалга оширади.
2018 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ишида Туркия Омбудсмани ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти вакиллари иштирок этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.11.2019
- Кўришлар: 5339
- Чоп этиш