"Статистика салоҳияти индекси”: Ўзбекистон 67-ўринда

Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси”да Ўзбекистон 67,8 балл билан 154 та давлат орасидан 67-ўринни эгаллади, деб хабар берди yuz.uz сайти.

Мамлакатимиз 2020 йилда “Статистика салоҳияти индекси”да 67-ўринга кўтарилишининг асосий омиллари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси веб-сайтида 20 та бўлимда 279 та жадвал кўринишида 2 млн. дан зиёд статистик кўрсаткичлар тўплами ва метамаълумотлар эълон қилинмоқда.

Иккинчидан, Қўмитанинг янгиланган веб-сайтида геоманзилли маълумотлар хизмати жорий этилгани ҳам бу борадаги муҳим ижобий ўзгаришлардан биридир. 

Учинчидан, Халқаро валюта жамғармасининг кенгайтирилган маълумотларни тарқатиш умумий тизимида Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий, молиявий ва ижтимоий статистик кўрсаткичлар тўпламларини 24 та йўналиш бўйича 422 турда эълон қилиб бориш йўлга қўйилган.

Тўртинчидан, Давлат статистика қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни мониторинг қилиш бўйича веб-сайт (nsdg.stat.uz) ишлаб чиқилиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишга туширилган. 

Бешинчидан, ҳозирги кунда Очиқ маълумотлар порталида Ўзбекистоннинг жами 10 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами 3 тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) жойлаштирилган.

Олтинчидан, “Open data Inception” ташкилоти маълумотига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида Ўзбекистон 70 та очиқ маълумотлар манбаи билан бу борада жаҳонда 6-ўринни эгаллаган.

Еттинчидан, Лондондаги Очиқ маълумотлар институти (ODI) баҳолаш тизими бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайти (stat.uz) энг юқори – "Платина" (PLATINUM) даражасига эришган.

Саккизинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Электрон ҳукумат кузатуви – 2020” тизимида “Очиқ давлат маълумотлари индекси” бўйича Ўзбекистон энг юқори (Very High OGDI) кўрсаткичига эга бўлган жаҳоннинг 41 та мамлакати орасидан жой олган.

Тўққизинчидан, “Очиқ давлат маълумотлари индекси”да баҳоланган 193 та мамлакат ичида Ўзбекистон энг юқори балл тўплаган.

Ўнинчидан, Очиқ маълумотлар рейтингида (Open Data Inventory – ODIN) Ўзбекистон 63 балл тўплаган ва нақд 125 та поғонага кўтарилиб, дунёда 44-ўринни, Марказий Осиё минтақасида эса 1-ўринни эгаллаган.

Ана шу муҳим омиллар натижасида 2020 йил якуни бўйича мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси”да 100 баллдан 67,8 баллни қўлга киритиб, рейтингда 67-ўринни забт этди.

“Статистика салоҳияти индекси”да эришган ушбу мавқеимизнинг ўрни ва даражаси қандай? Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистон мазкур рейтингда 2016 йил ҳисоботига нисбатан – 66 поғонага, 2019 йил ҳисоботига нисбатан эса 15 поғонага кўтарилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шуни ҳам эслатиш жоизки, Ўзбекистон илк бор мазкур индекс бўйича 2016 йилда баҳоланган. Ўшанда 48,9 балл билан 133-ўринни эгаллаган. 

Маълумот учун: Жаҳон банкининг “Статистика салоҳияти индекси” билан дунё мамлакатлари миллий статистика тизимининг ривожланганлик даражаси баҳолаб борилади. Мазкур халқаро мезон мамлакатнинг статистик салоҳияти, эришаётган ютуқлари ва миллий статистика тизимини ривожлантириш борасида олиб бораётган ислоҳотлари натижаларини акс эттиради.

Ўзбекистон 2020-2025 йилларда статистикани ривожлантиришнинг миллий стратегияси доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали, “Статистика салоҳияти индекси”даги кўрсаткичларини босқичма-босқич яхшилаб бориши режалаштирилган. Хусусан, мамлакатимиз 2025 йилда белгиланган мезонлар бўйича 94 баллни қўлга киритиб, рейтингда биринчи 10 таликдан жой олиши мўлжалланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech