Судья: Болани фарзандликка олиш билан боғлиқ муаммолар бор

Ҳар бир бола оилада улғайиб, ота-онасининг тарбияси, меҳрини олишга ҳақли. Бироқ, ҳаёт бир текис эмас. Турли сабабларга кўра  оиласидан маҳрум бўлаётган болалар ҳам бор.  Ўз навбатида, фарзанд асраб олишни истайдиганлар ҳам йўқ эмас.

– Судьялик фаолиятим давомида фарзанд асраб олиш мураккаблигини билдирган кўплаб фуқароларни учратдим, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Зиёдахон Солиева. – Аслида, фарзандликка олишдан асосий мақсад маълум бир сабабга кўра, ўз ота-онаси бағрида ўсиш имкониятига эга бўлмаган болаларни оила муҳитида тарбиялаш, бошқа томондан, фарзандликка олувчиларга ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлиш, оилавий муносабатларни сақлаб қолишдан иборат.

Ўзбекистонда фарзандликка олиш масаласи Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тартибга солинади.

Оила кодексида фарзандликка олиш қоидалари тўғрисида алоҳида боб ажратилган. Унда фарзандликка олиш билан боғлиқ тартиб акс этган. Яъни, фарзандликка олиш мумкин бўлган шахслар, фарзандликка олишни сир сақлаш, фарзандликка олинаётган боланинг розилиги, фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари, фарзандликка олишни бекор қилиш оқибатлари каби нормалар ўрин олган. 

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек, прокурор албатта иштирок этган ҳолда ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар уларга маълум бўлган фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарур. Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинаётган боланинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари фарзандликка олинган боланинг туғилишини қайд этиш дафтарига зарур ўзгартиришлар киритилган кундан эътиборан белгиланади.

Шу сабабли, судлар фарзандликка олинаётган бола манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фарзандликка олиш, фарзандликка олишни ҳақиқий эмас, деб топиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч кун ичида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги қайд қилинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.

Фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлиги Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қайд этилган ҳолларда, суд Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли қарори билан тасдиқланган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини фарзандликка олувчининг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.

Айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда судлар томонидан вояга етмаганлар манфаатларига доир фуқаролик ишларини ҳал этиш вақтида ҳуқуқни қўллаш жараёнида қонунчиликда кўрсатилмаган ва ўз ечимини топиши керак бўлган масалаларга тўқнаш келмоқда. Хусусан, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳимоясини таъминлаш борасида айрим муаммолар кўзга ташланяпти. 

Оила кодексининг 152-моддасида вояга етган эркак ёки аёл фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги белгиланган. Лекин, мазкур талаблар фарзандликка олинувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла даражада ҳимоя қила олмайди.

Бошқача айтганда, фарзандликка олувчи шахсларга қўйиладиган талаблар қайта кўриб чиқилиши лозим. Фарзандликка олувчиларнинг ёшига нисбатан энг кичик ёш ва энг катта ёш цензини ўрнатиш, агар турмуш қурмаган эркак ва аёл фарзандликка олиш бўйича мурожаат қилган бўлса, уларнинг энг кичик ёшини белгилаш, эр-хотиннинг турмуш қуриб бирга яшаётганлик даврини белгилаш мақсадга мувофиқ. 

Акс ҳолда, қуйидаги муаммолар вужудга келиши мумкин: фарзандликка олинган бола билан ота-она ва биологик фарзандлар ўртасида муносабатлар мураккаб кечиши, боланинг келиб чиқиши, руҳий ҳолати ва олдинги ҳаёти оилада ноқулайлик яратиши, асраб олинган болаларда кўпинча зўравонлик, қаровсизлик, етишмовчилик оқибатида руҳий муаммолар бўлиши мумкин. 

Шу боис, уларни қайта ижтимоийлаштириш ва ҳаётга мослаштириш учун ота-онага билим, сабр ва психологик тайёргарлик керак. Зотан, бола асраб олиш шунчаки формал жараён эмас, балки масъулиятли, тайёргарлик талаб қилувчи вазифадир. Ахир боланинг ўзига хос психологик ҳолати мавжуд. 

Суд қароридан сўнг олиб бориладиган назорат қилиш вазифаларини суд қарори чиқиб, кучга киргунга қадар махсус ваколатли органлар зиммасига юклаш бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади. 

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни судлар томонидан кўриб чиқишда боланинг янги оилага мослашувини инобатга олиш муҳим. Суд қарори қабул қилинишидан олдин вояга етмаганни оилага фарзандликка олувчиларга вақтинчалик бериш тартибини жорий қилиш керак. Бунда, олти ойгача бўлган муддатни жорий этиш, ушбу вақтда психологлар томонидан фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинаётган бола маслаҳат марказларида тайёргарлик курсларидан ўтказилиши мақсадга мувофиқ. 

Бу вақтда боланинг оилага мослашувини баҳолаш, болага нисбатан оиладаги муҳитни баҳолаш, яъни, боланинг соғлиғи, таълим ва умумий ривожланиши, фарзандликка олувчилар билан муносабати, меҳр ва диққат-эътибор даражаси, боланинг ўзини янги оилада қандай ҳис қилиши – психологик ҳолати, жисмоний тарбия ва овқатланиш ҳолати, жисмоний/руҳий зўравонлик белгилари йўқлиги ҳолатини аниқлашга имкон туғилади. 

Махфийлик ва шаффофлик мувозанатини бузмаган ҳолда фарзанд асраб олиш жараёнини автоматлаштириш, фарзандликка олувчиларни электрон ариза топшириши ва жараённинг электрон кузатувини ташкил этиш учун ягона интерактив давлат хизматини ташкил қилиш, болаларнинг жисмоний, руҳий зўравонлик белгилари тўғрисида мустақил равишда шикоят қилиш имконига эга бўладиган платформани яратиш мақсадга мувофиқ. 

Болани бегона оила асраб олиши ва яқин қариндошлари томонидан асраб олишдаги фарқли жиҳатларни тизимлаштириш, бу борада ҳужжатларни йиғиш жараёнларини ҳам соддалаштириш, тартибга солиш керак. 

Мазкур қоидаларнинг киритилиши фарзандликка олинаётган болаларнинг ҳаётини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, келажакда уларнинг жисмонан ва маънан баркамол бўлиб вояга етишига замин яратади.  

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech