Сунъий интеллект: инсон қадр-қимматига путур етказмаслик талаблари белгиланмоқда

Парламент қуйи палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида “сунъий интеллект” тушунчаси, сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантиришга оид давлат сиёсатининг асослари, махсус ваколатли орган вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.

Сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсонга, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслиги ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талаб белгиланяпти.

Шунингдек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таяниб қолиш мумкин эмаслиги ўз аксини топмоқда.

Лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда Интернетда тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар, экспертлар ва олимларнинг фикри инобатга олиниб, лойиҳа янада такомиллаштирилгани айтиб ўтилди.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech