Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир 2019 йил 6 августда Ўзбекистоннинг Австриядаги Элчихонасига йўллаган мактубида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини қутлади, деб хабар беради mfa.uz сайти.
Ҳужжатда Ўзбекистон Президентининг ушбу Фармони мамлакатда амал қилаётган ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил қилингани ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилгани ниҳоятда муҳимлиги таъкидланган. “Инсон ҳуқуқларига асосланган кенг соҳавий ва тармоқлараро ҳамкорлик одам савдосига қарши курашишда энг мақбул восита бўлиб хизмат қилиши мумкин ва зурур”, деб қайд этилади хатда.
ЕХҲТ/ДИИҲБ Директори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг Миллий маърузачи этиб тайинлангани Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш муаммосига устувор аҳамият қаратилаётганини амалда тасдиқловчи муҳим қадам эканини эътироф этган.
Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир ўз мактуби якунида ЕХҲТ/ДИИҲБ Ўзбекистонга одам савдосига қарши курашиш борасида бундан кейин ҳам ёрдам бериш ва зарур техник кўмак кўрсатишга, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Президентининг Фармонини рўёбга чиқариш учун экспертлар маслаҳатлашувларини амалга оширишга тайёр эканини таъкидлаган.
Маълумот учун: Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланган сана, яъни 30 июнь – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунидир. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этган бирифинг, ЕХҲТ/ДИИҲБ қўлланмасининг ўзбекча нашри тақдимоти ҳамда “Муҳаббат ила Соня” бадиий фильми намойишида ушбу халқаро ташкилот вакиллари фаол иштирок этди.
Хусусан, ЕХҲТ/ДИИҲБ одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Татьяна Котляренко Президентимиз Фармонининг муҳим аҳамиятига эътибор қаратиб, “ушбу ҳужжат Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишда иштирок этаётган барча миллий ва халқаро тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги юқори даражада йўлга қўйилганидан далолат беради”, деб қайд этди.
Ўз навбатида, мазкур халқаро ташкилот эксперти Мая Русакова Ўзбекистон Президентининг Фармонида ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсияларининг аксарияти ҳисобга олинганини эътироф этди. Унинг фикрича, “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилгани ва Миллий комиссия таркибига мамлакат ҳудудларида фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киритилгани эътиборга лойиқдир”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.08.2019
- Кўришлар: 6484
- Чоп этиш