Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази хабарига кўра, пойтахтда фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва молиявий маблағларини ноқонуний йўл билан қўлга киритиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
“Хавфсиз кибер макон” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган махсус рейд чоғида аниқланишича, гуруҳ аъзолари Android қурилмалари учун “apk” вирусли дастурлар ишлаб чиқиб, уларни фуқароларга юборган. Ушбу зарарли дастурлар орқали улар SMS хабарлари, қўнғироқлар ва контакт маълумотларини қўлга киритиб, ноқонуний даромад орттириб келишган.

Тергов-суриштирув давомида вирусли дастурлар Telegram гуруҳларига уланган бўлиб, унда 11 нафар турли давлат фуқаролари иштирок этгани маълум бўлди. Улар фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш билан шуғулланиб келган. Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гуруҳнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинди.
Шунингдек, улар яшаш манзиллари ва телефон қурилмалари кўздан кечирилганда, 133 нафар фуқародан қарийб 3 миллиард сўм маблағ ўғирлангани аниқланган. Ўғирланган пул маблағлари гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланиб келган.
Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, улар процессуал тартибда ушланган.
Тергов органлари жиноий гуруҳга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида республика бўйлаб тезкор-қидирув тадбирларини давом эттирмоқда.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА
- Қўшилди: 04.09.2025
- Кўришлар: 223
- Чоп этиш