Бугунги талаб кечаги ёндашувлар билан чекланиб қолмасликни тақозо этади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар билан танишиш ҳамда янгиларини ишга тушириш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича навбатдаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида Самарқандга келди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Самарқанд шаҳридаги Ёшлар креатив парки билан танишишдан бошлади.
Бугунги кунда шаҳар кенгайиб, йирик мегаполисга айланиб бормоқда. Кейинги йилларда бу ерда янги аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ташкил этилди, аҳоли сони анча ошди. Табиийки, бундай шароитда шаҳарда яшил майдонларни кўпайтириш, янги боғ ва хиёбонлар, аҳоли дам олиш масканларини яратишга эҳтиёж ошади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда ҳар йили 16 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилмоқда. Жорий йил баҳорги мавсумда ҳам 6,3 миллион туп мевали ва манзарали дарахт, бута кўчатлари ўтқазиш режалаштирилиб, айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида бу жараён давом этмоқда.
Ўзбекистон кўчасида жойлашган собиқ ҳарбий госпиталь ўрнидаги 5,4 гектар майдонда 70 миллиард сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Ёшлар креатив парки ташкил этилди.
Бу ерда маданий мерос объектлари рўйхатига олинган 5 та бино ва иншоот бўлиб, эндиликда улардан ёшлар учун замонавий ва рақамли кутубхона, кўп тармоқли ўқув маркази, креатив тўгараклар, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника ва киберспорт ўйинлари марказлари сифатида фойдаланилади. Ахборот-ресурс маркази, спорт заллари, ер ости экомузейи ташкил этилди.
Ёшлар креатив парки, айниқса, йигит-қизлар учун нафақат дам олиш маскани, балки ахборот технологиялари соҳаси ва спорт билан шуғулланиш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай жой бўлади.
Вилоят шахмат федерацияси ҳам янги боғда жойлашган. Федерация томонидан бу ерда ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар ўтказиш имконияти мавжуд.
Боғда болалар аттракционлари, фитнесс заллари, стол теннис зали, теннис кортлари, воркаут ва мини гольф майдонлари барпо этилган. Ҳудудда Нуронийлар маскани, ўндан ортиқ айвончалар қурилган.
Президентимиз дастлаб “Profi deutsch” немис тилини ўқитиш ва имтиҳон маркази фаолияти билан танишди.
Ушбу лойиҳанинг муҳим жиҳати “Telc” имтиҳон маркази Марказий Осиёда илк бор Самарқанд шаҳрида иш бошлаяпти. Марказда ёшлар немис тилини ўрганиб, халқаро “Telc” сертификатини олади. Сертификат соҳиблари Германияда дуал касбий таълимда ўқишини давом эттиради, бандлиги таъминланади. Жорий йилда бундай имтиҳон марказини мамлакатимизнинг яна бешта ҳудудида очиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Лойиҳа доирасида 8-11 синф ўқувчиларига рақамли технологиялар ва хорижий тиллар чуқур ўргатилади. Ўқувни муваффақиятли якунлаганларга махсус сертификат берилади.
Шунингдек, “Алоқа банк” ва Миллий банк консультатив марказининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ёшларга имтиёзли кредит ажратиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлари, Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Қизлар академияси” лойиҳалари билан танишилди.
Давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг лойиҳалари билан танишди. Жумладан, “Zamin” халқаро жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган “Eco-schools Uzbekistan” лойиҳасида иштирок этаётган ёш экофаоллар 2026 йил учун режалари ҳақида сўзлаб бердилар.

– Янги Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарни барпо этяпмиз, юқори даромадли иш жойлари очиляпти. Биз буни сизларга – билимли ёшларга ишониб қиляпмиз. Бунинг учун ҳар дақиқангиз келажагингиз учун хизмат қилсин, дўстингиз китоб бўлсин. Бирор билимни чуқур эгаллаш ва тўғри йўлни топиш учун инсонга диққат, сабр-тоқат, иштиёқ керак. Мана шу иштиёқингиз сўнмасин. Сизлар бераётган таклифлар бизнинг ислоҳотларимиз ғоясига мос, мен ҳар қандай таклиф ва ташаббусларингизни қўллаб-қувватлашга тайёрман, – деди Президентимиз.
Самарқанд шаҳрида бундай замонавий таълим ва дам олиш масканларини кўпайтириш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти учун олиб келинган замонавий электробуслар ва қувватлаш станцияси фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда ҳам автотранспорт хизматлари яхшиланиб, жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилмоқда.

Бунда автобус паркларини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш, йўналишлар бўйлаб экологик тоза автотранспорт қатновини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни мақсадларда Самарқанд шаҳрига биринчи босқичда 49 миллион доллар ҳисобига 100 та замонавий электробус олиб келинди. “Yutong” русумли мазкур электробуслар 30 ўринли бўлиб, умумий сиғими 75 нафар йўловчидан иборат.
Янги электробуслар учун 4 гектарга яқин майдонда автосарой ташкил этилган. Бу ердаги электробусларни қувватлаш станциясида бир вақтнинг ўзида 50 та жамоат транспортига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Электробуслар учун барпо этилган ёпиқ тураргоҳда техник хизмат кўрсатиш учун мобиль таъмирлаш техникаси ҳам мавжуд. Электробуслар шаҳарнинг 9 та йўналишида брутто-шартнома асосида ҳаракатланиб, кунига 70 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса яна 250 та электробус харид қилиш назарда тутилган. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 120 миллион доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган. Натижада ёқилғи сарфи 32 минг литр, зарарли газлар миқдори 27 тоннага камаяди.
Бугунги кунда автосаройда 265 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Янги электробусларнинг олиб келиниши жараёнида эса яна 500 дан зиёд иш ўрни яратилади.
Президентимиз янги автобусларни кўздан кечирди.
– Мазкур соҳанинг иқтисодий барқарорлигини ошириш учун электробусларга хизмат кўрсатадиган, уларни таъмирлайдиган мутахассисларни тайёрлаш бўйича Самарқанд тажрибасини яратишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, автобуслар ҳаракатини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш юзасидан тақдимот ўтказилди.
Президентимиз ташриф асносида мазкур ҳудудга ёндош бўлган Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида барпо этилган йўл ўтказгични ҳам кўздан кечирди.
Узунлиги 600 метрни ташкил этган туннель 12 миллион доллар ҳисобига барпо этилган, бир кунда ўртача 50 мингта транспорт воситасини ўтказиши мумкин.
Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ер ости пиёдалар йўлаги барпо этилган.
Туннель Хитой ва Туркия қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда бунёд этилди. Деворлари замонавий қурилиш технологиясидан фойдаланган ҳолда бурғилаш усули орқали барпо қилинди.

Эътиборлиси, қурилиш жараёнлари транспорт воситалари ҳаракати тўхтатилмаган ҳолда олиб борилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан биргаликда юртимизга олиб келинган янги “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига келди.
Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ушбу поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган олтита “Hyundai Rotem” поездларидан биринчиси. Поезд етти вагондан иборат, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади.
Ойналари қорайтирилган оқ рангли таркиб Ўзбекистон байроғини эслатувчи мовий, яшил ва қизил рангли чизиқлар ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” ёзувига эга. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта – ВИП, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.
Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган.
Яқин орада “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкент – Урганч – Хива йўналиши бўйлаб қатнай бошлайди. Қатнов вақти 7 соатни ташкил этиши кутилмоқда.

Сафар чоғида давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари ва илғор ёшлар билан самимий суҳбатлашди.
Юртимизда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришлар, тобора кўпайиб бораётган йирик лойиҳалар, одамлар фаровонлиги ва қулайлиги учун амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.
Нарпайга келгач, Президентимиз гидропоника усулида ташкил этилган қулупнайчилик иссиқхонаси фаолияти билан танишди.

Самарқандда азалдан деҳқончилик маданияти ривож топган. Ер ва сувдан унумли фойдаланиш бўйича тажриба катта. Нарпай туманида ҳам ҳар қарич ер майдони ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор агротехнологияларни жорий этишга эътибор ортиб бормоқда.
Бугун гидропоника усулида маҳсулот етиштириш амалиётига талаб катта. “Нарпай қулупнай” корхонаси ана шундай инновацион ёндашувни амалиётга татбиқ этиб, юқори иқтисодий самарадорликка эришаётган илғор тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 650 минг долларни ташкил этиб, бир гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилган. Мазкур иссиқхонада йилига 50 тонна қулупнай етиштириш имконияти мавжуд.
Айни пайтда корхона “Нарпай қулупнайлари” бренди остида маҳсулотларини маҳаллий йирик савдо тармоқларига етказиб бермоқда. Бу эса ички бозорни сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гидропоника технологияси асосида қулупнай тупроқсиз, махсус озуқавий эритмалар ёрдамида парваришланади. Ўсимлик илдизлари ерда эмас, балки сувни яхши ўтказувчи кокос қипиғи муҳитида ривожланади. Бунда қулупнай зарур минерал моддаларни тўғридан-тўғри сув орқали қабул қилади. Бу эса ўсимликнинг энергия сарфини камайтириб, ўсиш жараёнини тезлаштиради. Ҳосилдорлик анъанавий усулларга нисбатан бир неча баравар юқори бўлади.
Шу билан бирга, гидропоника технологияси кичик майдонда катта ҳажмда маҳсулот етиштириш имкониятини яратади. Энг муҳими, тупроқдан фойдаланилмаслиги туфайли сув сарфи 80 фоизгача камаяди. Ўсимлик касалликлари хавфи паст бўлгани сабабли кимёвий воситалардан фойдаланиш минимал даражага туширилади. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалигини таъминлашга хизмат қилади ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради.
Иссиқхонада сув тежамкор технологиялар жорий этилган. Хусусан, ёмғир сувини тўплаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида катта сиғимли сув ҳавзаси барпо қилинган. Шунингдек, автоматлаштирилган гидропоника ускуналари, қуёш панеллари ва энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилгани ишлаб чиқариш харажатларини камайтирмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йил давомида барқарор етказиб беришни таъминлашда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида экани таъкидланди. Тадбиркорнинг истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, келгусида лойиҳани кенгайтириш, қўшимча равишда 60 гектар майдонда янги иссиқхоналар барпо этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 300 минг тоннагача ошади. Янги иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари бундай усулдаги иссиқхоналарни аҳоли хонадонларида ҳам кўпайтириш орқали барқарор даромад манбаларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
– Бугун барча соҳада бўлгани каби мазкур йўналишда ҳам сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш зарур. Агар ишлар тўғри ташкил этилиб, одамларни бу иш билан шуғулланишга ўргатсак ва буни Нарпай тажрибаси сифатида кенг оммалаштирсак, халқимиз гидропоника усулида йил давомида ҳосил етиштириб бозорни ҳам тўлдиради, яхшигина даромад ҳам қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Нарпай туманида жойлашган “Мароқанд сифат” кластери тизимида чиқиндисиз технология тамойили асосида иш олиб бораётган корхона фаолияти билан танишди.
Кластерда пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ қиймат занжири шакллантирилган. Хусусан, пахта ва уруғлик етиштириш, ёғ-мой ишлаб чиқариш, тола ва ип-калава тайёрлаш, шунингдек, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни қамраб олган 25 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бундай ёндашув қишлоқ хўжалиги ва саноатни узвий боғлаш орқали юқори қўшимча қиймат яратиш имконини бермоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида корхона ип-калава ишлаб чиқариш бўйича йилига 5,5 минг тонна, тайёр трикотаж маҳсулотлари бўйича эса 1 миллион дона қувватга эга бўлди. Мазкур кўрсаткичлар 10 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса кластернинг ички ва ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашга замин яратади.

Корхона фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати аҳоли бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасидир. Айни пайтда бу ерда 1 минг нафар доимий иш ўрни яратилган бўлса, мавсумий ишлар даврида яна 3 минг нафар аҳоли иш билан таъминланмоқда.
“Мароқанд сифат” кластерининг мато қолдиқларини қайта ишлаш орқали ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси илғор ва самарали ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа таркибида биолаборатория ҳамда тикув цехлари фаолият юритмоқда. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, тикув цехларида фойдаланиб бўлинган мато қолдиқлари ташлаб юборилмайди. Улар замонавий, юқори тезликда ишловчи ускуналар орқали қайта ишланиб, яна ип-калава ҳолатига келтирилади. Ушбу йўналишда йиллик тола ишлаб чиқариш қуввати 5 минг тоннани ташкил этади. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион доллар бўлиб, у 3,3 гектар майдонда жойлашган. Корхонада 500 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланган. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилгани унинг иқтисодий самарадорлигини янада оширмоқда.
Ҳозирда корхона ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар орқали ишлаб чиқариш жараёнида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу корхонанинг энергия харажатларини камайтириш билан бирга “яшил иқтисодиёт” тамойилларини амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди ва тикув цехида меҳнат қилаётган ходимлар билан самимий суҳбат қурди.
– Сизлар билан учрашганимдан мамнунман. Бу ерда яратилган шароитлар, ташкил этилган иш ўринлари аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа – юртимиздаги улкан ўзгаришларнинг бир қисми. Албатта, иш ўринларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун биз янада фаол ишлаяпмиз, ҳар бир ҳудудда янги имкониятлар яратишга ҳаракат қиляпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи доирасида ҳудудда йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди.
Тадбир доирасида вилоятда озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари, металл ва мебель саноати соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ҳудуднинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор техника ва технологиялари, саноат маҳсулотлари билан танишди.
Самарқанд вилояти мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик ўринга эга ҳудуд сифатида барқарор ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу ерда саноат ҳажми изчил ўсиб, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити маҳаллий ҳамда хорижий сармояларни кенг жалб этишга мустаҳкам замин яратди. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг сони йилдан-йилга ортиб бораётгани бу борадаги ижобий динамикани яққол тасдиқлайди.
Маросимда шаҳар ва туманларда қарийб 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 106 та янги лойиҳа ишга тушириш ва қурилишга тайёр экани ҳақида ахборот берилди. Тадбирга видеоалоқа орқали янги қурилаётган ҳамда ишга туширилаётган лойиҳаларнинг масъуллари ҳам уланди.
Ушбу лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Жумладан, тоғ-кон саноати ва геология, қурилиш материаллари, автосаноат, кимё саноати, электротехника, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш ҳамда истиқболли объектлар қурилишини бошлаш назарда тутилган.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳалар ижрочилари, маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг таклиф ҳамда ташаббусларини тинглади. Бу каби лойиҳалар Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва ҳудудда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиши таъкидланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, Самарқанд вилоятидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлаб берди.
Жумладан, Австрия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Ҳиндистон ва Россия билан ҳамкорликда 2 миллиард 400 миллион долларлик 53 та лойиҳа ишга тушди.
Шунингдек, Нидерландия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия ва Эрон билан ҳамкорликда 4 миллиард 600 миллион долларлик 53 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 700 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса вилоят саноатини диверсификация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва экспорт географиясини янада оширишга хизмат қилади.
Шу ернинг ўзида Президентимизга Нарпай туманида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.
Бугунги кунда тумандаги 8 та насос станция ДХШ асосида хусусий секторга берилган. Ўтган даврда 21 та насос агрегатлари 12,3 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига янгилангани натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтиришга эришилди.
Умуман, Самарқанд вилоятининг сув хўжалигига янги илмий ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимига илмий маслаҳатчи бириктирилмоқда. Шунингдек, соҳада дуал таълим йўлга қўйилиб, 72 нафар талабанинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, гидротехника ва гидроэнергетика, кадастр ва экология йўналишларида 6 ойлик узлуксиз амалиёти йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бу ишларни изчил ва тизимли давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари, аввало, йиғилганларни кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити ва қутлуғ айём – Наврўзи олам билан чин қалбдан табриклади.
Самарқандга охирги ташрифдан кейин ўтган тўрт ой давомида мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй бергани таъкидланди.
Хусусан, шу ҳафтанинг ўзида Олмалиқ шаҳрида 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди, пойтахтимизда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавий хазинаси бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилди. Эртага эса Пайариқ туманида буюк ҳадисшунос аждодимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари бугун Ватанимиз қудратини юксалтириш, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаш бўйича янада катта марралар олинганини, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар эса бунга мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, бугунги талаб кечаги ёндашувлар билан чекланиб қолмасликни, эртанги кун вазифалари эса янада самарали ва қатъий ҳаракат қилишни талаб этиши кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция ва экспорт каби барча йўналишларда намунавий вилоят бўлиши шартлиги қайд этилди.
Бунинг учун вилоят маҳаллалари инфратузилмасини яхшилашга 100 миллион доллар, Ургут туманига қўшимча 50 миллион доллар ажратилди. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит ресурслари учун яна 18 триллион сўм берилаётгани таъкидланди.
Ушбу маблағлар, энг аввало, туманларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга, пировардида эса вилоят иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилиши шартлиги қайд этилди.
Йиғилишда туманларнинг саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурслари, аҳолининг бизнес ва касбий кўникмаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, маҳаллалар имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир туманнинг ички ривожланиш моделини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мазкур таҳлиллар асосида туман ҳокимлари, “маҳалла еттилиги” ва маҳалла банкирлари ресурсларни энг кўп иш ўрни яратадиган ва бюджет тушумларини оширадиган лойиҳаларга йўналтириши лозим.
Ушбу тизим 1 майга қадар Нарпай ва Термиз туманларида жорий қилиниб, бутун республика учун намуна сифатида татбиқ этилиши белгиланди.
Йиғилишда Самарқанд вилояти раҳбарияти олдида камида 9 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 144 триллион сўмдан ошириш, 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш ва экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди.
Шунингдек, 100 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариш ва вилоятни ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавжуд имкониятлар ва ишга солинмаган салоҳият Нарпай, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи туманлари мисолида таҳлил қилинди.
Ушбу туманлар ва Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги жами улуши атиги 10 фоизни ташкил қилаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мазкур ҳудудларда саноатни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағнинг 800 миллиард сўми саноат лойиҳаларини зарур инфратузилма билан таъминлашга, қолган 400 миллиард сўми йўл, сув, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларига йўналтирилади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан Каттақўрғон шаҳридан 40 километр масофада жойлашган Ингичка шаҳарчасига саноат ва Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бориши, Каттақўрғон шаҳри марказидаги Нарпай канали устида 60 йил аввал қурилган кўприк ҳам реконструкция қилиниши белгиланди.
Умуман, Нарпай, Пахтачи, Пайариқ, Қўшработ, Иштихон, Каттақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида саноат ва сервисни ривожлантириш, ҳудудларга янгича қиёфа олиб кириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Йиғилишда жаҳондаги нотинчликлар туфайли логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатларининг ошиб бораётгани озиқ-овқат нархларига таъсир қилиши табиий экани таъкидланди. Шу билан бирга, дунёда қарийб 100 миллион турист саёҳат учун тинч ва хавфсиз мамлакатларни қидираётгани қайд этилди.
Бундай шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, туризм ва сервис соҳаларидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳокимларнинг энг асосий вазифаси бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Яйлов ерларини тўғридан-тўғри ижарага бериш муддати яна бир йилга узайтирилиши белгиланди. Вилоятнинг 4 та туманида жами 43 минг гектар майдонда жамоат яйловлари ташкил этилиб, маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. Яйловларда қудуқ қазиш, сув чиқариш, уруғ экиш ва деградациядан чиқариш харажатлари учун 50 миллиард сўм ажратилади.
Чорва наслчилигини ривожлантириш мақсадида лаборатория ускуналари ва наслли қорамол хариди учун 10 йилга 12 фоизли кредит ажратилади. Булунғур туманида 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси, Қўшработда эса 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади.
Жорий йил 1 майдан бошлаб балиқчилик хўжаликларига қуёш панелларини ўрнатиш учун 16 фоизли кредит ажратилади. Панелни ўз маблағи ҳисобидан ўрнатганларга эса харажатнинг 25 фоизи қоплаб берилади.
Картошка етиштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Мисрдан 250 минг дона картошка мини туганаги олиб келиниб, Булунғур туманида кўпайтириш бошланади. Голландиядан 6 минг тонна уруғлик картошка олиб келиниб, фермерларга устамасиз етказиб берилади.
Президентимиз туризм соҳасидаги вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик шароитида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланиши қайд этилди. Бу жараёнда туризм учун энг қулай давр бўлган апрель-июнь ойлари учун алоҳида дастур тайёрланиб, “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади.
Ушбу муддатда авиакомпанияларга янги рейслар йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади. Бундай авиакомпанияларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим этилади.
1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой мобайнида жалб қилинган ҳар 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми “кэшбек” сифатида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 нафар хорижий блогерга Ўзбекистонга келиш учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.
Жорий йилнинг ўзида Самарқандда дунёга машҳур камида 5 нафар санъаткорнинг гастролини, шунингдек, 10 та бизнес-форум ва мода фестивалини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказиладиган халқаро хабга айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳисобига Самарқандга йил якунига қадар 6 миллион сайёҳ олиб келиш мақсади белгилаб олинди.
Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди, Самарқанд аҳли билан мулоқот қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари
Ўзбекча
English
Русский