БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 21 сентябрь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
БМТ Махсус маърузачиси дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти бўйича Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти бўйича Халқ қабулхонаси раҳбари Р.Маҳмудова, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Б.Ҳасанов ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов билан мулоқотда бўлди.
БМТ Махсус маърузачиси учрашув учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. “Бундай самарадор муассасани илк бор кўриб турибман ва Халқ қабулхонаси фаолияти менда катта таассурот қолдирди”, деди у.
Д.Гарсия-Саян Халқ қабулхонасига келиб тушадиган мурожаатлар сони билан қизиқди. Бу мурожаатларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, прокуратура ва суд тизимлари фаолияти устидан шикоятлар қай тарзда ўрганилиши ва уларга қанча муддатда ва қандай тартибда амалий ечимлар топилиши ҳақида меҳмонга атрофлича маълумот берилди.
Юридик хизматлар учун ҳақ тўлашга имконсиз шахслар учун бепул юридик ёрдам тақдим этиш хизмати йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. БМТ Махсус маърузачиси қайд этишича, бундай мақбул тажриба бир қатор илғор демократик давлатларда мавжуд. У адвокатлар ва профессионал ҳуқуқшуносларнинг айнан Халқ қабулхоналари тимсолидаги халқчил муассасаларда юридик ёрдам кўрсатиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.
Д. Гарсия-Саян Халқ қабулхоналари ходимларининг пенитенциар муассасаларга ташриф буюриш, шунингдек, маҳбусларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ваколатлари билан ҳам қизиқди. Бундан ташқари Фарғона вилоятида ҳуқуқшунослар тайёрлайдиган таълим муассасалари мавжудлиги масаласига эътибор қаратди.
Учрашув якунида БМТ Махсус маърузачиси “Халқ қабулхоналари – бошқа аксарият мамлакатлар амалиётида учрамайдиган тамомила янги тажриба” эканини таъкидлади. “Бундай ноёб муассасалар барча мамлакатларда ташкил этилиши даркор, чунки улар давлат раҳбари билан халқ ўртасида ишончли мулоқот ўрнатиш учун имконият яратади”, деди Д. Гарсия-Саян пировардида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.09.2019
- Кўришлар: 5499
- Чоп этиш