БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги делегация мамлакатимизга илк бор ташриф буюрди. Делегация таркибида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Стефано Сэнси ҳам бор.
БМТ эксперти бошчилигидаги делегациянинг ташрифи бир ҳафтага мўлжалланган. Ташриф давомида меҳмонлар мамлакатимиздаги ўндан ортиқ давлат ташкилотлари ва муассасаларида учрашувлар ўтказади. Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти билан танишади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус маърузачиси, шунингдек, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва талабалар билан мулоқотда бўлади.
Ташриф якунлари бўйича Халқаро пресс-клубда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.
Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад БМТ Махсус маърузачиси ваколатларига тааллуқли соҳалар доирасида мулоқотлар олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини ўрганишдан иборат. Шунингдек, Ўзбекистонга ташриф якунлари бўйича Махсус маърузачи хулоса ва тавсияларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи институти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг (ҳозир – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши) 1994 йилдаги 1994/41-сонли резолюцияси асосида таъсис этилган. Ўтган даврда Махсус маърузачилар қарийб 40 та мамлакатга ташриф буюришган.
Махсус маърузачи – инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиш ва бу ҳақда маърузалар тақдим этиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланадиган мустақил экспертдир.
Махсус маърузачи фахрий лавозим ҳисобланади. Яъни, у БМТ ходимлари сирасига кирмайди ва унга иш ҳақи тўланмайди. Махсус маърузачи фаолиятининг холислиги ва беғаразлигини таъминлашда бу омил муҳим аҳамият касб этди.
Диего Гарсия-Саян (Перу) БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимига 2016 йили декабрь ойида тайинланган. Бундан илгари Инсон ҳуқуқлари бўйича Америкалараро суднинг судьяси лавозимида қаторасига икки муддат ишлаган.
Шу муддатлар давомида жаноб Диего Гарсия-Саян Суд Раисининг ўринбосари (2008-2009 йиллар) ва икки муддат мобайнида Суд Раиси (2009-2013 йиллар) этиб сайланган. У инсон ҳуқуқлари бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Жумладан, узоқ йиллар БМТ ва Америка Давлатлари Ташкилотида самарали фаолият олиб борган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.09.2019
- Кўришлар: 5935
- Чоп этиш