Фарғона, 16-октябрь — 15-октябрь куни Фарғона шаҳрида биринчи халқаро тинчлик форуми ўз ишини бошлади. Тинчликни сақлаш соҳаси мутахассислари ва етакчи дипломатлар этник хилма-хилликка эга бўлган Фарғона водийси минтақасида тинчликни мустаҳкамлашда асосий омил бўлган Марказий Осиёдаги ҳамжихатликнинг азалий анъанасига юксак баҳо беришди.
17 миллион атрофида аҳоли яшайдиган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидаги бу кенг минтақада, ўн йиллар давомидаги кескинликлардан кейин, тинчлик ўрнатишнинг муваффақиятли намунаси яратилди. Бу ердаги тинчлик ва барқарорликнинг қайта тикланишига Марказий Осиёдаги уч давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов жорий йил март ойида Хўжанд шаҳрида “Абадий дўстлик тўғрисида”ги декларация ва “Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисида”ги шартноманинг имзоланиши қадимий тинч-тотув яшаш анъанасини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
У Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей 80-сессиясида айтган сўзларини эслади: “Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолди. Бугун Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди.”
“Ўнлаб йиллар давомида Фарғона водийси мураккаб зиддиятлар ҳудуди сифатида қабул қилинган. Бугун эса у яхши қўшничилик, очиқлик ва биргаликда бунёдкорлик орқали ишончсизликнинг тарихий меросини қандай енгиб ўтиш мумкинлиги бўйича намунага айланмоқда”, — деди Элдор Арипов.
“Шуни унутмаслик керакки, қадим замонлардан водий карвонлар, ғоялар, тиллар ва маданиятларнинг очиқ чорраҳаси бўлиб келган. Бу ерда асрлар давомида турли халқлар ёнма-ён яшаб келишган ва фарқли жиҳатларига қарамай, улар бир ер, бир сув, бир қуёшни баҳам кўриб, тинч-тотув яшашган. Айни шу ўзаро тушунишнинг тарихий мероси уларга доимо мувозанатга эришишга ёрдам берган”, — деди Арипов кириш сўзида.
“Фарғона шунчаки водий эмас. Бу — Марказий Осиёнинг кўзгусидир. Агар бу ерда тинчлик бўлса, у бутун минтақада акс этади”, — дея қўшимча қилди у.
Форум СМТИ томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Тинчлик ўрнатиш хаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик” мавзусидаги тадбир Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Форум асосий халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан қўллаб-қувватланди. Тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 га яқин тинчликпарвар ва можароларни ҳал қилиш бўйича экспертлар иштирок этди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров сўнгги тўққиз йил ичида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилганини таъкидлади. Транспорт алоқаларини тиклаш, чегараларни очиш ва давлатлараро мулоқотни фаоллаштиришда сезиларли ютуқларга эришилди. Унинг сўзларига кўра, Фарғона водийсида тўпланган минтақавий ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибаси Марказий Осиёнинг бошқа қисмларида ҳам мамлакатлар ўртасидаги конструктив муносабатларни ривожлантириш учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Рачаббой Аҳмадзода Фарғона водийси шунчаки географик макон эмас, балки минтақа халқларини бирлаштирган бой маънавий ва маданий меросга эга ҳудуд эканлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонни наfaқат умумий чегаралар, балки кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари боғлаб туради. Р.Аҳмадзоданинг фикрича, минтақадаги давлатларнинг вазифаси Фарғона водийсини барқарорлик, яхши қўшничилик ва умумий келажак маконига айлантиришдир.
Қирғизистон Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Айбек Шаменов хавфсизлик, сув ресурслари, савдо, экология ва маданият билан боғлиқ асосий масалаларни ҳал қилишда биргаликда ёндашиш зарурлигига эътибор қаратди. У фақат мулоқот, шериклик ва доимий ўзаро англашув орқали минтақада тинчлик ўрнатиш ва мустаҳкамлаш мумкинлигини таъкидлади.
Форум очилишида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс, ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш маркази директори Кейт Фирон, ОҲИЧК бош котиби Қайрат Сарибай, ШҲТ бош котиби ўринбосари Хан Сохайл табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар.
Иштирокчилар орасида тинчлик ўрнатиш соҳасидаги нуфузли халқаро тузилмалар ҳам бор. Германиянинг Бергхоф фонди, М.Ахтисаари номидаги Финляндия тинчлик фонди, Швейцариянинг “ПисНекcус” фонди, Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) форумда иштирок этдилар. Унда иқтисодий имкониятлардан тортиб, иқлим инқирози билан боғлиқ кучайиб бораётган хавфлар шароитида аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришгача бўлган кенг доирадаги масалалар муҳокама қилинди.
Фарғона водийси — машҳур ўзбек ипак ва ипакли матолари, жумладан, икот ишлаб чиқариладиган марказ бўлиб, асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган минтақадир. Шу билан бирга, бу ҳудуд Ўзбекистоннинг маданий бойликларини сақловчи муҳим маскан ҳисобланади. Бу Марказий Осиёдаги энг серҳосил ҳудудлардан бири бўлиб, у ерда буғдой ва меваларнинг юқори ҳосили олинади.
16-октябрь куни, форумнинг иккинчи кунида, водий халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро тушунишни ифодаловчи (Бирдамлик куни) “Интимак куни” (“Ягона бирлик куни”) илк бор нишонланади.
ЎзА
- Қўшилди: 16.10.2025
- Кўришлар: 246
- Чоп этиш