Квиз – бу викторина, савол-жавобларга асосланган мусобақа, таъбир жоиз бўлса, тафаккур баҳсидир. Жорий йил 6 декабрда пойтахтимиздаги “Ёшлар ижодиёти саройи”да олий таълим муассасалари, шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар иттифоқининг зукко вакилларидан иборат жамоалар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича квиз бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланди. Мусобақалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилган. Кейинчалик ушбу санани Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлаш анъанаси жорий этилган.
Мамлакатимизда ҳар йили 8 декабрь – Конституция қабул қилинган кун ва 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни кенг нишонланади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 майда қабул қилиган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида кўплаб муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бу йилги янгича тадбир, яъни инсон ҳуқуқлари бўйича квизнинг мақсади – ёшлар, жумладан талабаларнинг халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги инсон ҳуқуқлари соҳасига оид ҳуқуқий билимларини оширишдан иборат.
Тадбирда Тошкент Давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Халқаро Вестминтстер университети, Тошкент Давлат шарқшунослик институти, Сингапур менежментни ривожлантириш институти талаба-ёшлари “Энг илғор Университет” номини олиш учун беллашдилар.
Шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи навқирон вакилларидан иборат жамоалар ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги ўз билим ва кўникмаларини синаб кўриш учун майдонга тушдилар.
Тафаккур баҳсининг ҳар бир босқичида жамоалар вакиллари халқаро шартномалар ва миллий қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги ҳуқуқий нормалардан нечоғлик хабардорликларини истотлаш имконини қўлдан бермасликка интилди.
Шу билан бирга, ёшлар адабий-бадиий асарлар, халқ оғзаки ижодиёти намуналарида инсон ҳуқуқларига оид билимлар қандай акс этгани билан боғлиқ бирмунча мураккаб, фикрий-ижодий топқирликни талаб қиладиган баҳслар бўйича ҳам ўз салоҳиятларини намойиш этдилар.
Мусобақада Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоаси – 1-ўринни, Тошкент Давлат шарқшунослик институти жамоаси 2-ўринни, Тошкент Давлат юридик университети жамоаси 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар ва барча иштирокчилар ташкилотчилар томонидан совғалар билан тақдирландилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2019
- Кўришлар: 5502
- Чоп этиш