АОКАда 15 май – Халқаро оила куни арафасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Мавлуда Низомова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда М.Низомова мавзу юзасидан батафсил маълумот берди.
Эътироф этилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги тегишли резолюциясига мувофиқ, жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятлар ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратиш мақсадида 15 май – Халқаро оила куни сифатида 1994 йилдан буён бутун дунёда кенг нишонланиб келинади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 15 май ҳар йили Халқаро оила куни сифатида юртимиз бўйлаб кенг нишонланиши белгиланган.
Жорий йилда халқаро оила куни тадбирларини юқори савияда ташкил этиш учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлис баёни тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.

Унга асосан мамлакатимизда 10 майдан 10 июнга қадар “Фаровон оила сари” ойлиги эълон қилинди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. “Фаровон оила сари” ойлиги ҳам шундай эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Республика, ҳудуд, туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари таркиби шакллантирилди. Ойликни ўтказиш тартиби ишлаб чиқилиб, унда маҳаллалар, таълим муассасалари, туманлар ва шаҳарлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги тадбирлар белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар қўмитасида вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат, таркиби 40 нафар бўлган “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш комиссияси фаолияти ташкил этилди.
Ҳудудий комиссиялар, вазирлик ва идоралар томонидан мазкур кўкрак нишонига қарийб 5 минг 500 та оилаларнинг ҳужжатлари тавсия этилди. Талабгор оилалар сони ўтган йилга нисбатан 8,8 бараварга ортди. Ушбу номзод оилалар 40 нафардан ортиқ фаоллар, нуфузли экспертлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб 2000 мингта оила кўкрак нишонига муносиб оила сифатида саралаб олинди.
Бу йил янги ёндашувлар асосида вазирлик ва идоралардан ҳам номзодлар тавсия этиш сўралиб, улар томонидан тавсия этилган 77 та оила ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши белгиланди.
15 май – Халқаро оила куни арафасидаги тантаналарда ушбу оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони ва пул мукофотлари топширилади, улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига фахрли белги ўрнатилади. Ойлик доирасида туман (шаҳар)ларда “Ибратли оила” танлови ғолиблари ва иштирок этган фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаси оммалаштирилади ва кенг тарғиб қилинади.
Кўрик-танлов ғолиблари ҳамда номинациялар совриндорлари халқаро оила куни арафасида муносиб тақдирланадилар. “Менинг оилам – менинг фахрим!” мавзусида флешмоб ва “Янги Ўзбекистоннинг бахтли оиласиман!” челленжлари ўтказилади.
Турли долзарб мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида миллий қадриятларни улуғлашга оид учрашувлар ташкил этилади. Низоли оилаларни муросага келтириш мақсадида масъул ташкилотларнинг маҳаллаларда “Сайёр қабуллари” ўтказилади.
“Оила ва хотин-қизлар масканлари”нинг тантанали очилиш тадбирлари давом эттирилади. “Оилавий ҳунармандларнинг мамлакатнинг туризм жозибадорлигини оширишга қўшаётган ҳиссаси” мавзусида ҳунарманд-тадбиркор оилаларнинг илмий анжумани ташкил қилинади.
“Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Каттақўрғон давлат педагогика институтида “Оила – маънавият ва инсонпарварлик маскани” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади.
“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилиб, амалиётга жорий этилади. Маҳаллаларда 4 миллион хотин-қизларни оммавий спорт мусобақаларига жалб қилиш ишлари давом эттирилади, “Соғлом оила учун бирлашайлик!” спорт марафони, "Спорт сайли" тадбирлари бўлиб ўтади.
15 май куни республиканинг барча туман (шаҳар) марказларидаги истироҳат боғларида “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибалари ва аҳил оилалар, ёш келин-куёвлар иштирокида “Оилалар сайли” (“OILAFEST”)ни ташкил этилади. Маҳалла, ташкилот, корхона ва муассасаларда ибратли оилаларнинг бой оилавий ҳаёт тажрибаси оммалаштирилади, оила мустаҳкамлигининг асослари юзасидан давра суҳбатлари, мулоқотлар, учрашувлар, танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Ибратли оилалар вакиллари иштирокида эҳтиёжманд, нотинч ва низоли оилалар уларнинг оила аъзолари учун оилалар даромадини оширишга қаратилган тадбирлар (тадбиркорликка жалб қилиш, кредит олиш ишларида кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашиш) ташкиллаштирилади.
“Қўшни-қўшнига” тамойили асосида эҳтиёжманд оилаларнинг фаровонлиги ва даромадини кўпайтиришда ибратли оилалар ва тадбиркор аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ва масъулиятини оширишга доир тадбирлар ўтказилади. Оилани институтини мустаҳкамлашга қаратилган услубий қўлланма ва рисолалар тақдимоти ўтказилади.
Маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 250 мингга яқин оғир вазиятдаги хотин-қизлар қўллаб-қувватланади, амалий ёрдам кўрсатилади. “Миллий либослар” намойишлари назарда тутилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади.
“Соғлом оила учун бирлашайлик!” шиори остида оилалар ва хотин-қизлар ўртасида спорт марафони, “5000 қадам” соғломлаштириш тадбирлари, “Оила болалар нигоҳида” расмлар кўргазмалари, ҳар ҳафтада “Аҳил оила” куни тадбирлари бўлиб ўтади. Бунда оилаларга ҳуқуқий-психологик хизматлар кўрсатиш ва бепул тиббий кўриклар ташкил этилади.
13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ибратли оила” кўкрак нишони совриндорларига мукофотларни тантанали топшириш маросими ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси санъат саройида тадбирнинг маданий қисми бўлиб ўтади.
Н.Усмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 12.05.2025
- Кўришлар: 745
- Чоп этиш