Халққа назорат қилувчи эмас, хизмат қилувчи тузилмалар керак

Муносабат

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш кузатилди. Саноат 6,4, экспорт 18, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 46 фоизга ошди. Қиймати 3 миллиард долларлик 2,5 мингдан зиёд янги ишлаб чиқариш қувватлари фаолият бошлади. Натижада 2 миллион 400 минг одамга даромад манбаи яратилиб, бандлиги таъминланди.

Бироқ, рақамлар ортидаги ҳаётий ҳақиқат – бу тизимли муаммолар ва уларни вақтида ҳал этишдаги сусткашликлардир. Жорий йил 16 июнь куни бўлиб ўтган Президент раислигидаги йиғилишда жойлардаги давлат тузилмалари фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Сабаби, давлат раҳбарининг сўзларида кўтарилган муаммолар бугунги куннинг энг долзарб масалалари бўлиб, бу нафақат ташкилотлар фаолияти, балки аҳолининг кундалик турмушига ҳам бевосита таъсир этмоқда.

Жумладан, сув ва канализация хизмати билан боғлиқ оғриқли масалалар шулар жумласидан. Бугунги кунда туманларда сув ва канализация хизматидан тушаётган маблағнинг атиги 10 фоизи ҳудудларда қолмоқда. Қолган маблағ марказга ўтказилади, натижада жойларда техник таъминот, захира қисмлар ва аварияга тайёр ҳолатда бўлиш тизими деярли йўқ.

Биргина мисол, ҳозирда қайсидир маҳаллада қувурдаги кичик носозлик сабаб аҳоли 4-5 кунлаб ичимлик сувисиз қолмоқда. Бу муаммо аслида 2 соат ичида бартараф этилиши мумкин эди, агар захирада таъмирлаш учун керакли материаллар бўлганида. Аммо, авария содир бўлгандан кейингина юқоридан рухсат олиниб, материаллар харид қилина бошланади, уларнинг етиб келиш жараёни эса бир неча кун давом этади.

Натижада аҳоли ҳеч қандай алоқаси бўлмаган тизимдаги беҳаракатлик қурбонига айланди. Бу ҳолатлардан хулоса шуки, маҳаллий ташкилотлар тезкорликка эмас, бюрократик жараёнларга “тўлиқ боғлиқ” ҳолда фаолият юритмоқда.

Қолаверса, бугунги кунда туманлардаги ташкилотлар ўзини назоратчи деб билади, аҳоли оғирини енгил қилиш бўйича хизмат кўрсатиш барча ҳудудларда ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди.  

Жумладан, Қумқўрғон тумани карантин инспекциясида 8 нафар инспектор фаолият юритади. Улар асосан ҳужжатдаги хатоларни топиш, экспорт учун сертификат бериш билан шуғулланади. Аммо, туманда ҳашарот ва зараркунандаларга қарши дорилаш хизматларига талаб юқори бўлган бир пайтда, ушбу ташкилот бу хизматни умуман кўрсатмайди. Фермер ўз еридан ҳосил ололмаса, бу инспекторлар учун “муаммо эмас” – уларнинг вазифаси фақат қоғоз бўйича назоратдир.

Яна бир мисол, туманларда экология бўлимлари “Яшил макон” лойиҳасига номигагина муносабат билдиради. Улар дарахт кесишга рухсат бермаслик ёки жарима солиш билан чекланиб қолган. Аммо қаерга, қандай кўчат экиш керак, унинг харажати қаердан қопланади – бу саволларга эътибор ҳам берилмайди. Натижада, лойиҳа оммавий ташаббусга айланолмайди, фақат “буюруқбозлик” асосида амалга ошади ва якунда кутилган натижани бермайди.

Давлат раҳбари томонидан йиғилишда қайд этилган муаммолар – бу бирламчи симптомлар холос, аслида уларнинг илдизи тизимдаги ташаббуссизлик, шахсий масъулият ҳисси йўқлиги, маҳаллий органларнинг фақат назоратчи сифатида иш юритишидандир. Туман даражасидаги ташкилотлар хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириши, профилактикага эътибор қаратиши даркор.

Умуман олганда, Президент танқидлари бугунги тузилмалардаги чуқур муаммоларни очиқ-ойдин фош қилди. Жойлардаги ташкилотлар фақат “назоратчи” эмас, балки халққа хизмат қилувчи органларга айланмаса, ислоҳотлардан кутилган самара бўлмайди. Масъул шахслар ўз вазифасига масъулият ва ташаббус билан ёндашиши – бугунги куннинг асосий талабидир.

Албатта, бу жараёнларнинг тўлақонли ва халқчил амалга оширилиши биз, хақл вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Хусусан, қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш орқали, сув ва канализация хизматидан тушган маблағнинг камида 30-40 фоизини туман ихтиёрида қолдириш, захира маблағлари ҳисобидан авария ҳолатларига олдиндан тайёргарлик кўриш, аҳолининг фикри ва шикояти асосида ташкилотлар фаолиятини баҳолаб бориш механизимларини ишлаб чиқиш даркор.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech