Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Президент томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарганини таъкидлаш лозим.
Ушбу Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 41-1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш), 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва Жиноят кодекси 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик), 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан тўлдирилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 986 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 358 нафарига жарима жазоси, 628 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 952 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 3 200 нафарига жарима жазоси, 1 752 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 231 нафар шахс судланиб, уларнинг 65 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 166 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 99 нафар шахс судланиб, уларнинг 24 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 75 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 05.08.2025
- Кўришлар: 102
- Чоп этиш