Муносабат
Бугунги кунда дунёда турли можаролар ва тўқнашувлар авж олмоқда. Савдо алоқалари ва логистика қийинлашаяпти. Тинчлик, адолат ва инсон қадрини улуғлашга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.
Бу жараёнда барча масъуллар имкониятларини тўғри баҳолаб, ташаббус кўрсатиб ишлаши, аҳоли ва бизнес билан мулоқотни янада кучайтириб, муаммоларни тез ҳал қилиб бериши ҳар қачонгиданда зарур саналади.
Жумладан, ҳозирда ҳар бир туманда 40 дан зиёд ташкилотда ўртача 500 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Бироқ, ҳали ҳануз айрим оддий масалаларни ҳал қилиш учун ҳам вилоятдан, улар эса республикадан рухсат олишга мажбур. Ёки бўлмаса, ваколати ва маблағи етарли бўлган ташкилотлар ўзини “назоратчи” деб билиб, аҳолининг оғирини енгил қилиш ўрнига ортиқча бюрократия билан шуғулланмоқда.
Ваҳоланки, кейинги етти-саккиз йилда “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши шарт” деган эзгу тамойил Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб улгурди. Аммо, охирги пайтларда аҳоли мурожаатлари ортиб, ижтимоий тармоқларда давлат идоралари фаолиятига нисбатан ишончсизлик кайфиятидаги чиқишлар ҳам кузатилмоқда.
Ачинарлиси, аҳоли мурожаатлари учун асоий ижрочи ва локомотив бўлиши керак бўлган Халқ қабулхоналари мурожаатларни ҳал қилиш ўрнига тақсимлаш марказига айланиб қолганлигидир. Жумладан, 2024 йилда Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган. Бу шунчаки статистика эмас – бу юз минглаб инсон умидлари, тўхтаган иши, ҳал этилмаган қонуний ҳақ-ҳуқлари демакдир.
Кузатув ва таҳлилларга кўра, баъзи вилоятларда Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатлардан самара бўлмагач, фуқаролар томонидан Президентнинг шахсий қабули сўралган мурожаатлар сони ҳам ортган. Ваҳоланки, ушбу мурожаатларнинг аксарияти қуйи тизимдаги айрим масъул шахсларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши натижасида келиб чиққан ва ҳудуд даражасида ҳал этиладиган масалалар саналади.
Шу боис, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги тизим яратилиб, Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимлари ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳар куни ишини шу ерда аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайдиган бўлди. Бунинг натижасида, фуқаролар мурожаати бошқа идорага юборилмасдан шу ернинг ўзида ҳал этилади.
Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилиб, масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурс ҳам ажратилади. Агар бу тизим тўғри амалга оширилса, халқ қабулхоналари фуқаролар учун яна умид марказига айланади. Одамлар яна ишонади, овозлари, таклиф ва ташаббуслари эшитилишидан мамнун бўлади.
Қолаверса, энди ҳокимлар, вазирлар, мутасаддилар кўз билан эмас, қалб билан эшитиши, ҳисобот билан эмас, амалий натижа билан жавоб бериши талаб этилади. Мурожаат эмас, ечим бериш – бугунги раҳбарнинг асосий бурчига айланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, йўлга қўйилаётган ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий самараси жойларда – одамлар ҳаётида кўринади. Бунинг учун эса ислоҳотлар амалга ошиш жараёнини назорат қилувчи, халқ сўзини юксак минбарларга етказувчи асосий бўғин бу – ҳалқ вакиллари, яъни депутатлардир.
Шу боис, ҳозирги шароитда депутатдан нафақат қонун ва қарорлар қабул қилиш, балки уларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини кузатиш ва таъсир қилиш талаб этилмоқда. Ислоҳотлар қаерда ишлаяпти, қаерда тўхтаб қолгани ҳақидаги энг муҳим маълумот депутатлар орқали шаклланиши лозим. Шундагина аҳоли мурожаатлари жонли эшитилиб, масала расмий органга эмас, ижобий ечимга олиб борилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 26.06.2025
- Кўришлар: 380
- Чоп этиш