Японияда давлат хизматчилари ишга беш дақиқа олдин келишга мажбурлангани учун 67 минг доллар компенсация олди

Гинан шаҳри мэри уч йил давомида ходимларни ишга 8:25 да келишга мажбурлаган. Бу иш вақтидан ташқари ишлаш деб тан олинди.

Япониянинг Гинан шаҳри мери давлат хизматчиларини ҳар куни ишга беш дақиқа олдин келишга мажбурлади. Ходимлар эса бу қарорга норозилик билдириб, Адолатли савдо комиссиясига мурожаат қилди. Натижада, улар ишни ютиб чиқишга муваффақ бўлди ва 67 минг доллар миқдорида компенсация олди, деб ёзмоқда South China Morning Post.

Барчаси 2021 йил февралда бошланган. Ўша пайтдаги шаҳар мэри давлат хизматчиларини иш жадвали бўйича белгиланган вақтдан беш дақиқа олдин, яъни соат 08:25 да ишга келишга мажбурлай бошлаган. Раҳбарият янги қоидани ҳеч қандай сабаб билан асосламаган.

 Ўша пайтда Гинан мэриясига ўз ваколатларини тез-тез суиистеъмол қиладиган Хидео Козима раҳбарлик қилган: масалан, у ходимларга кичик хатолар учун интизомий жазо ёки ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиши мумкин эди. Козима ушбу лавозимни 2024 йил март ойида тарк этди.

Қоида жорий этилгандан сўнг ходимлар норозилик билдира бошлади ва вақтидан аввал келишни иш вақтидан ташқари ишлаш сифатида тан олдиришга уринди.

2023 йил декабрда улар Адолатли савдо комиссиясига сўнгги уч йил давомидаги қўшимча иш соатлари учун ҳақ тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Ўтган йилнинг ноябр ойида комиссия ходимлар фойдасига қарор чиқарди ва шаҳар ҳокимиятига уларга 67 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech