Муносабат
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтиришга доир муҳим вазифалар белгиланган.
Хусусан, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини яратиш, 1 984 та яшил боғлар барпо этиш, шу жумладан, 112 та йирик саноат корхонаси томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиш каби ташаббуслар шулар жумласидандир.
Қолаверса, стратегия доирасида барча давлат идоралари, корхоналар, таълим муассасалари ҳудудларида ҳам “яшил боғлар” бўлади. Биргина Тошкент шаҳрида яшил майдонлар ҳудуди 5 баробарга кўпайтирилиши айтиб ўтилган. Шаҳар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун “жамоат парклари” ташкил этилади.
Эътиборли жиҳати, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган тўрт йилда 872 миллион туп дарахт ва буталар экилган. Оролбўйи ҳудудида 2 миллион “яшил қоплама”ли ҳудуд яратилиб, экологик ҳолатни яхшилашга эришилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва унда белгиланган устувор вазифалар ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Ҳужжатда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатлари кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш кўзда тутилган. Шу мақсадда 2026 йил 1 январдан давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудлари иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб, сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажмини 1,5 баравар, етказиб берилаётган кўчатлар ҳажмини эса 2 бараварга ошириш белгиланди. Шунингдек, уруғчилик лабораторияларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантациялари ташкил этилади.
Сир эмаски, баъзан жойларда сайловчилар ва фуқаролар билан ўтказилган учрашувлар ҳамда жамоатчилик фаолларининг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида айрим ҳудудларда лойиҳа доирасида экилган кўчатларнинг ўз вақтида парвариш қилинмаслиги, кўчатлар парвариш қилиш имкони мавжуд бўлмаган чўл ва тоғолди ҳудудларга экилиб нобуд бўлаётгани айтилади. Миллионлаб давлат маблағлари ҳавога совурилиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳам учраб туради.

Фармонда юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2025 йил 1 октябрдан бошлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, “Яшил макон” электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка “ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш” тамойили асосида онлайн етказиб борилади.
Шу билан бирга, платформада дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисида маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш (кесиш) сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото ва видеотасвирлари ҳам акс эттирилади. Дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича “Яшил макон” электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб борилади.
Яна бир муҳим жиҳати, фармон билан малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қартилмоқда. Жумладан, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ва унга бириктириладиган “яшил” техникумларда ўқув жараёни дуал таълим тизими асосида йўлга қўйилиб, илмий-амалий машғулотларни ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ботаника ёки дендрология боғлари барпо этилади. Уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши соҳаларида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиб борилади.
Умуман олганда, фармон ва унда белгиланган вазифалар лойиҳа доирасидаги тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш ишларини тизимли амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 09.06.2025
- Кўришлар: 251
- Чоп этиш