ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги кенгаймоқда

Жорий йил 12-18 март кунлари Европа Иттифоқи Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела Марказий Осиёнинг беш мамлакати бўйлаб сафар қилади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ташриф билан ЕИ ва минтақа давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган “Глобал дарвоза” (Global Gateway) стратегиясини кенгайтириш мақсад қилинган.

Комиссар Сикела Марказий Осиё Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори эканини таъкидлаб, ўзаро муносабатларда улкан салоҳият мавжудлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, глобал муаммолар мустаҳкам шериклик зарурлигини яна бир бор тасдиқламоқда, ЕИ минтақада амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга интилмоқда.

Ташриф давомида транспорт, муҳим хом ашё, рақамли алоқа, сув ва энергетика йўналишларидаги умумий саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинади. Жумладан, Транскаспий транспорт йўлагини такомиллаштириш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш, интернет тезлигини ошириш, экологик тоза ва арзон энергия манбаларини кенгайтириш бўйича қатор келишувлар имзоланиши режалаштирилган.

Жаноб Сикеланинг минтақамиз бўйлаб сафари айнан Ўзбекистонда якунланади. Комиссар юртимизда ҳукумат ва бизнес вакиллари билан учрашади, Олмалиқ кон-металлургия комбинатига боради. Шунингдек, рақамли инфратузилмага оид келишувлар имзоланиши ҳам кутиляпти.

ЕИнинг “Team Europe” тамойилига асосланган мазкур ташриф давомида Европа молиявий институтлари – Инвестиция ҳамда Тикланиш ва тараққиёт банки, хусусий сектор вакиллари иштирок этади.

Маълумки, апрель ойида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити, июнда эса “Global Gateway” форуми ўтказилади. Ушбу ташриф жараёнида муҳокама қилинган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши ҳам кутиляпти.

Дарвоқе, “Глобал дарвоза” ЕИнинг рақамли, энергетика ва транспорт соҳаларида ақлли, экологик тоза ва хавфсиз алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегияси бўлиб, соғлиқни сақлаш, таълим, илмий тадқиқот тизимларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади. 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: