Президент ташаббуслари – амалда
Баъзан автомашина бошқарувига ўтирган одам шаҳарга кириб борар экан ўзини сойдаги сел оқимига тушиб қолгандай ҳис қилади.
Бу оқим қандай бўлишини кўз олдингизда гавдалантириб кўринг. У шовқин солади. Эшилиб, қирғоқларни емириб, лойқаланиб оқади. Йўлига тушиб қолган нарса борки домига тортади. Баъзи жойларига шох-шаббалар, нималиги номаълум буюмлар тўпланиб қолади. Бу “йўл”га тушган нарсанинг ихтиёри ўзида бўлмайди.
Тартибга солинмаган, таъмирталаб, тор, замонавий бошқарув тизимлари татбиқ қилинмаган шаҳар кўчаларини табиатнинг шу ҳодисасига ўхшатиш мумкинми? Йўл маданияти унча юқори бўлмаган ҳайдовчи ёки пиёдаларга дуч келганингизда ҳам ўша ёввойи оқим ёдингизга тушади.

Бу каби масалалар дунёнинг исталган давлатидаги исталган шаҳарда у ёки бу даражада мавжуд. Халқаро тажрибада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш учун турли ечимлар қидираётганлар ҳам кўп. Бугун биз бошқалар ҳақида эмас, ўзимизда тақдим этилаётган ечимларга тўхталамиз.
Замонавий шаҳарлар тараққиётида йўл ҳаракати хавфсизлиги, транспорт инфратузилмаси ва тирбандликларни камайтириш масалалари энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Тез суръатлар билан ўсиб бораётган аҳоли сони, автомобиллар кўпайиши ва иқтисодий фаолликнинг ортгани бу соҳада янгича ёндашувларни талаб этмоқда.
Бугун шаҳар йўлларига қараб мамлакатнинг ривожланганлик даражасини аниқлаш мумкин, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Пойтахтимизда йўлларни тартибга солиш, замонавий талабларга мослаштириш учун тизимли ишлар қилинмоқда. Ҳудудларда ҳам бу борада муайян чоралар кўриляпти. Сўнгги йилларда йўл қурилиши ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган. Бу рақам етти-саккиз йил олдинги даврларда берилган маблағлардан 3,5 баробар кўплигини англатади.
Ҳаракат хавфсизлиги йўлларнинг ҳолати ва қулайлигига боғлиқлиги маълум. Кўплаб туманларда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, автоҳалокатлар эҳтимоли камайтирилган. Лекин йўл-транспорт ҳодисалари сони юқорилигича қолаётган, бошқа муаммолари бор ҳудудларимиз ҳам оз эмаслигини тан олишимиз лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мавжуд муаммоларни бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам эътиборга молик.

Шу ўринда йўлларимиздаги муаммоларни юзага келтираётган баъзи ҳолатларга тўхталиш лозим. Ҳозирда юртимиз автомобиль йўлларида бир минг икки юздан ортиқ қайрилиб олиш жойи бор. Уларнинг фақатгина бир юз қирқ олтитасида ер ости ва ер устидан қайрилиш мумкин. Ўн мингдан зиёд пиёда ўтиш жойининг атиги бир юз элликдан ортиғида шундай қулайлик бор.
– Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишида президентимиз томонидан қатор масалаларга ечим бўладиган топшириқлар берилди, – дейди Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов. – Мамлакатимиз тараққий этяпти, аҳолининг даромади ошяпти. Бунинг натижасида йўлларимизда транспорт воситалари сони ҳам кўпаймоқда. Бу шароитда транспорт воситалари ҳаракатини тўғри ташкил қилиш, бунда йўл инфратузилмаси қурилишида замонавий лойиҳаларни татбиқ этиш, халқаро тажрибани ўрганиб бориш талаб этилади.
Айтайлик, чорраҳаларни фақат светафор орқали тартибга солиш билан чекланиб қолмаслигимиз лозим. Икки сатҳли айланиб ўтиш ёки қайрилиб олиш жойларини қуришга эътибор қаратмоқдамиз. Пиёдалар учун ҳам ҳам ер ости-ер усти ўтиш жойлари қурилиши керак. Бунинг учун халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилинади. Бу ишларни тартибли олиб бориш учун тўрт минг километрлик муҳим йўлларимизни хатловдан ўтказиш бўйича топшириқлар олдик. Хатлов натижаларига кўра қаерда икки сатҳли айланиб ўтиш жойини қурамиз, қаерда туннел бунёд этамиз, қаерда бошқа зарур иншоотларни барпо этамиз деган саволларга жавоб топамиз.

Йўлларда содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаби инсон омили ва инфратузилманинг етарли даражада мукаммал эмаслиги каби омилларга боғлиқ. Хавфсизликни таъминлаш учун интеллектуал транспорт тизимлари жорий этиш лозим. Бу светофорларни ақлли бошқариш, камералар орқали назорат тизимини замонга мослаштириш дегани.
Соҳадаги уч минг тўрт юз нафарга яқин ходим электрон планшет ва бодикамера билан таъминланди. Қоидабузарликларни сунъий интеллект асосида саралаш ва қарор чиқариш амалиёти жорий қилинди. Шаҳарларда эса жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ажратилди.
Автомобиллар сонининг кескин ортиши, аҳоли зичлиги юқори ҳудудларда транспорт оқимини самарали бошқариш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу муаммони ҳал қилишда анъанавий чоралардан ташқари, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект асосидаги тизимлар етакчи ўринни эгаллаб бормоқда. Йўллардаги ҳаракат жараёнини реал вақтда таҳлил қилиш ва оқимни оптималлаштириш жуда муҳим. Тегишли вазирликлар ҳамкорлигида бу бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Аҳоли зичлиги юқори ҳудудларда йўл белгилари ва ёритиш тизимини янгилаш ҳам кутилган натижани беради. Ҳаракат маданиятини ошириш – аҳоли ўртасида профилактика тадбирлари, таълим муассасаларида хавфсиз ҳаракат сабоқларини олиб бориш ҳам масаланинг яна бир муҳим томони.
Дарвоқе, йиғилишда “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланиши маълум қилинган эди. Бунинг учун “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, ҳукумат бўйсунувига ўтказиладиган бўлди. Бу йил унга барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида ҳисоб рақами бўлиши қайд этилди. Ички ишлар тизимидаги йўл белгилари ва светофор ўрнатиш, йўл чизиқлари чизишга масъул корхоналар ҳам вилоят тасарруфига ўтказилади.
Мамлакатимизда йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун бир вақтнинг ўзида техник, ҳуқуқий ва маданий чоралар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг масъулиятли иштирокисиз мавжуд масалаларни тўлиқ ҳал этиш қийин. Шу боис ҳар биримизда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси бўлиши керак.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 22.08.2025
- Кўришлар: 103
- Чоп этиш