Миллий превентив механизм (МПМ) томонидан ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойларида олиб бориладиган мониторинг якунлари бўйича, одатда, ҳисобот маърузаси тайёрланади. Тренинг машғулотларининг тўртинчи кунида халқаро эспертлар ушбу ҳисоботларнинг қандай тайёрланиши, кимга тақдим этилиши, унда кўрсатилган тавсияларнинг ижроси қай тарзда назорат қилиниши бўйича тўпланган илғор халқаро тажриба билан тингловчиларни таништирдилар.
– Қамоқхоналардаги мониторинг бўйича ҳисоботлар ёпиқ, махфий ҳужжат бўлиб қолмаслиги керак, – деди БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария. – Бундай ҳисботларни албатта чоп этиш зарур.
Ҳисботдан кўзланган мақсад нима? Аввало, ҳисобот – бу мулоқот воситасидир. Унда мониторинг даврида тегишли муассаса раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек маҳбуслар билан мулоқот натижасида аниқланган далиллар ва муаммолар қисқача акс эттирилади. Мулоқотда бўлган маҳбуслар ва ходимларга зиён етказмаслик нуқтаи назаридан, уларнинг исм-фамилиялари, манзили ва лавозимлари каби маълумотлар қайд этилмагани маъқул.
Ҳисоботда қамоқхонада мустақил мониторинг ўтказган гуруҳ таркиби, сана ва вақт, мониторингдан кўзланган аниқ мақсадлар, ахборот қандай усулда тўплангани ва текширилганига доир маълумотлар қайд этилади. Шунингдек, қамоқхонадаги шарт-шароит, муоамала-муносабат, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси каби ҳолатлар бўйича мониторинг натижалари баён этилади.
Ҳисобот мониторинг ўтказилган қамоқхонадаги тартиб-қоидалар учун масъул раҳбариятга тақдим этилади. Унда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан яқин, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган тавсиялар берилади.
Буюк Британия Жазони ижро этиш муассасалари бошқармаси вакили Жанет Холнинг фикрича, даставвал, қамоқхона раҳбариятига ҳисоботнинг қисқача хулосалари берилгани мақсадга мувофиқдир. Сўнгра тахминан 14 ҳафта ичида батафсил ҳисобот тайёрланади, барча далил ва тафсилотлар МПМ ҳамда қамоқхона масъуллари томонидан текширилади. Шундан кейин ҳисоботни чоп этиш мумкин бўлади. Ҳисобот нашр этилишидан 48 соат олдин у ҳақда матбуот хабарномаси тарқатилиши керак.
Жанет Хол “Ҳисобот қандай ҳолатда батафсил тузилган ҳисобланади?” деган саволга ҳам тўхталди. Халқаро экспертнинг фикрича, ҳисобот мулоқот ўтказилган маҳбус ва унинг оила аъзолари учун тушунарли тарзда ёзилгани унинг батафсиллиги белгисидир.
Қамоқхона раҳбарияти мониторинг гуруҳи тақдим этган ҳисоботдаги тавсияларни 4 ой ичида бажариши лозим. Аммо, Буюк Британия тажрибасини шуни кўрсатадики, баъзан тавсияларнинг 80 фоизигача бажарилмасдан қолади, дейди британиялик эксперт. Бунга кўпинча қамоқхона маъмурияти ёки ҳукуматнинг ихтиёрида тегишли маблағ мавжуд эмаслиги халал беради. Шу боис айрим тавсиялар ҳатто қабул ҳам қилинмайди.
Бундай ҳолларда бир неча йилдан кейин ушбу қамоқхоналарда яна мониторинг ўтказиш, бунгача эса тегишли тавсияларнинг бажарилишига доир аниқ сиёсат ва стратегияни ишлаб чиқиш тақозо этилади. Зеро, ҳисоботдаги тавсиялар бажарилса, ўша қамоқхонада маҳбусларнинг аҳволи яхшиланишига эришилади.
Шунинг учун ҳисоботларда мониторинг қилинган қамоқхонадаги жараёнлар эмас, балки маҳбусларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган омиллар кўпроқ акс этиши даркор. Аслида, ҳисобот ижроси – кутиладиган бош натижа эмас. Асосий самарадорлик шу ҳисобот ижросидан маҳбусларнинг ҳаёти учун юзага келадиган енгилликлардир.
Машғулотлар доирасида МПМ гуруҳи таркибида қамоқхоналарда мониторинг ўтказиш, ўрганиш якунлари бўйича ҳисобот тайёрлаш, ҳисоботда кўрсатилган тавсияларнинг бажарилишига эришиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Тингловчиларнинг бу борада орттирган билим ва кўникмалари тест усули орқали синовдан ўтказилди.
Тренинг якунида қийноқларнинг олдини олиш, шунингдек, ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойларида мониторинг ўтказишни ташкил этиш борасида миллий даражадаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши истиқболлари муҳокама қилинди. Бу соҳада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг салоҳияти ва имкониятлари билан боғлиқ бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Сўнгра машғулотлар тингловчиларига мазкур тренинг ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси томонидан тасдиқланган сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.09.2019
- Кўришлар: 6061
- Чоп этиш