Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
Қабул қилинганининг 27 йиллигига
Мамлакатимизда 2017 йил 7 февралда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу дастуриламал ҳужжат давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.
Ҳаракатлар стратегияси Конституцияни такомиллаштириш учун асос бўлди. Бунда Асосий қонун Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг конституциявий пойдевори сифатида хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 7 маротаба принципиал ўзгартиришлар киритилди.
Биринчи ўзгартириш: 2017 йил 6 апрелда Конституциянинг 7 та моддасига киритилган тузатишларда:
биринчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш;
иккинчидан, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;
учинчидан, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.
Мазкур конституциявий ўзгартишлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шу мақсадда Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.
Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.
Иккинчи ўзгартириш: 2017 йил 31 майда Конституциянинг 4 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Асосий қонунимизнинг 80 ва 93-моддаларига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилганлиги ва у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши ҳамда Қўмитанинг раиси ва раис ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланиши ҳамда лавозимидан озод қилиниши белгиланди.
Конституциянинг 108-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланадиган бўлди.
Конституциянинг 108 ва 109-моддаларига киритилган тузатишларда Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилди.
Ушбу конституциявий янгиликларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизда судлов тизимини янада такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, судьялар ва суд тизими ходимларини ижтимоий рағбатлантиришни юқори даражага кўтарди.
Учинчи ўзгартириш: 2017 йил 29 августда Конституциянинг 99-моддасидаги «шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан» деган сўзлар чиқариб ташланди. Конституциянинг 99-моддасига ўзгартириш киритиш орқали Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этишнинг конституциявий асоси мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституциянинг 102-моддасига ҳам учта ўзгартириш киритилди. Яъни, Тошкент шаҳри таркибидаги 11 та туманнинг барчасида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилиши муносабати билан Конституциянинг 102-моддасида туман ва шаҳар ҳокимларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилишнинг ягона тартиби ўрнатилди.
Ушбу конституциявий ўзгартиришлар, авваламбор, пойтахт жамоатчилигига Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштироки ва ролини кучайтириш, туманларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор дастурларини амалга ошириш, туманларнинг бош планлари ва қурилиш қоидалари, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг миқдорини белгилаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ улар бўйича имтиёзлар бериш устидан назорат қилиш механизми ўрнатилишини таъминламоқда.
Тўртинчи ўзгартириш: 2018 йил 15 октябрда Конституциянинг 105-моддаси биринчи қисмидаги "икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини" деган сўзлар "раисни (оқсоқолни)" деган сўзлар билан алмаштирилди.
Бешинчи ўзгартириш: 2019 йил 18 февралда Конституциянинг 80-моддаси 7-бандидаги ва 93-моддаси биринчи қисмининг 24-бандидаги "Миллий" деган сўз "Давлат" деган сўз билан алмаштирилди.
Олтинчи ўзгартириш: 2019 йил 5 мартда Конституциянинг 3 та моддасига ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартишларга мувофиқ, эндиликда Президент Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади.
Еттинчи ўзгартириш: 2019 йил 4 сентябрда Конституциянинг 2 та моддасига ўзгартиришлар киритилди. Шунга мувофиқ, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.
Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Бинобарин, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан биридир.
Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Демакки, Конституцияни догма, яъни қотиб қолган қоидалар йиғиндиси деб бўлмайди.
Конституция – динамик ҳужжат. Яъни, у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс этиради. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегияси янги Ўзбекистоннинг янги конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилди ва хизмат қилмоқда.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 06.12.2019
- Кўришлар: 5091
- Чоп этиш