Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болаларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар муҳокама қилинди

23 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Европа Кенгашининг Болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси (Лансароте конвенцияси)га бағишланган семинар бўлди.

Тадбир давомида болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар, бундай жиноятларнинг олдини олишнинг миллий механизмларини такомиллаштириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг ушбу халқаро шартномага қўшилиши эҳтимолининг ҳуқуқий ва институционал жиҳатлари кўриб чиқилди.

Семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) томонидан Европа Кенгаши ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Болалар омбудсмани институти, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, шунингдек, юридик ҳамжамият ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни Лансароте конвенциясининг муҳим қоидалари ҳамда болаларни жинсий эксплуатация қилиш ва уларга нисбатан жинсий зўравонликларнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартлар билан таништириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур Конвенцияга қўшилиши эҳтимоли юзасидан зарур ҳуқуқий, институционал ва процессуал шарт-шароитларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги “Болаларни ҳимоя қилиш” дастури раҳбари Антония Людеке қутлов сўзи билан чиқиш қилдилар.

Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатда миллий қонунчилик изчил такомиллаштирилмоқда. Болаларни ҳимоя қилишнинг институционал механизмлари мустаҳкамланиб, зўравонликнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда ҳамда ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2026–2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида Лансароте конвенциясини ўрганиш кўзда тутилган.

Лансароте конвенцияси болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро-ҳуқуқий воситалардан бири ҳисобланади. У жиноятларнинг олдини олиш, жабрланган болаларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш, шунингдек, миллий механизмлар ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни қамраб олувчи комплекс ёндашувни назарда тутади.

Семинарнинг асосий дастури доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси Дилноза Раҳматжонова “Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларига оид инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши: ютуқлар ва келгуси истиқболлар” мавзусида маъруза қилди.

Европа Кенгаши Лансароте конвенцияси Котибиятининг ҳуқуқий маслаҳатчиси Екатерина Маларева Конвенциянинг асосий қоидалари ва Лансароте қўмитаси фаолияти юзасидан умумий маълумот бериб, болаларни жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ҳамда амалий механизмларига эътибор қаратди.

Мавзули сессиялар давомида болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларга жиноий-ҳуқуқий муносабат масалалари, шу жумладан, бундай жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан чоралар кўриш ва уларни реабилитация қилиш ёндашувлари кўриб чиқилди. Суд ишларини боланинг ёши, манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш, жабрланувчиларнинг зарур ёрдам ҳамда кўмак олишини таъминлаш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эксплуатация ва жинсий зўравонликнинг олдини олиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамаларнинг алоҳида туркуми ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, болаларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, давлатларнинг Лансароте конвенциясига қўшилиш тартиб-таомиллари ҳамда унда иштирок этишнинг амалий афзалликларига бағишланди.

Мунозара доирасида мамлакатнинг ушбу халқаро шартномага қўшилиши учун талаб этилиши мумкин бўлган биринчи галдаги тайёргарлик чоралари муҳокама қилинди. Семинар якунлари бўйича миллий қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Семинар болаларни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини ўрганиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва энг устун манфаатларини таъминлашнинг миллий механизмларини янада мустаҳкамлаш истиқболларини белгилашда муҳим қадам бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 26.10.2026 Ko'rishlar 67
Ulashish