Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

БМТНИНГ РИВОЖЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТЎҒРИСИДАГИ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ

23 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да “Ривожланиш ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари: воқелик ва истиқболлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кун ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1986 йилда қабул қилинган Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллигига бағишланди.

Давра суҳбатида Миллий марказ ходимлари, Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) ва унинг ҳузуридаги М. Восиқова номидаги Академик лицей талабалари иштирок этди. Учрашувда асосан  БМТнинг ташкил этилиш тарихи, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг тарихий аҳамияти ва унда белгиланган тамойилларнинг бугунги кундаги долзарблиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация инсон ҳуқуқлари тизимида туб бурилиш ясаган ҳужжат ҳисобланади. Зеро, унда илк бор ривожланиш шунчаки иқтисодий кўрсаткич эмас, балки ҳар бир инсоннинг ажралмас ва дахлсиз ҳуқуқи экани қатъий белгиланган.

Миллий марказ ходимлари Ҳ.Мўминов, А.Рамазонов ҳамда дуал таълим дастури асосида амалиёт ўтаётган ТДЮУ талабалари С.Мамасолиев ва С. Нуриддиновнинг маърузалари тингланди. Маърузачилар Декларация принциплари мамлакатимизда охирги йилларда изчил амалга оширилаётган камбағалликни қисқартириш сиёсати ҳамда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси билан тўлиқ уйғун эканлигига алоҳида тўхталдилар.

Учрашув доирасида ёшлар Миллий марказ ва "Инсон ҳуқуқлари уйи" фаолияти билан яқиндан танишдилар. Талабаларга бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва халқаро ҳужжатлар базасидан фойдаланиш учун яратилган замонавий рақамли имкониятлар ҳамда бой кутубхона фонди ҳақида батафсил маълумот берилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга Миллий марказ ходимлари ва соҳа экспертларидан атрофлича жавоб олдилар. Бу каби учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва назарияни амалиёт билан боғлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 26.10.2026 Ko'rishlar 58
Ulashish