Акмал Саидов Ўзбекистон делегацияси таркибида АҚШга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг АҚШга амалий ташрифи бошланди. Ташриф 22 ноябргача давом этади.

Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам бор.

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтадиган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этади. Мазкур тадбир доирасида икки мамлакат ўртасидаги сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқалар, стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашиш режалаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг ташрифи дастуридан АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши, Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги, Савдо вазирлиги ва Савдо вакили идораси, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси, Эксимбанк ҳамда мамлакат компаниялари ва эксперт доиралари вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.

Делегация аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг АҚШ сенаторлари ва конгрессменлари билан учрашувлари ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, делегация аъзолари АҚШнинг етакчи таҳлил марказлари — Тинчлик институти (USIP) ва Атлантика кенгашида бўлиб ўтадиган брифинглар ва «давра суҳбатлари»да иштирок этиши назарда тутилган.

Ушбу тадбирлар доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг натижалари, ташқи сиёсат ва иқтисодиётнинг устувор йўналишлари, мамлакатимизнинг Афғонистонда тинчлик жараёни ва ушбу давлатнинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашдаги роли ҳақида сўз юритилиши кутилади, деб хабар беради «Дунё» АА.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech