Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев  2026 йил 14 октябрь куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун расмий эълон қилинди ва кучга кирди.

Қонун билан ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва унга нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жазо ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш этиб белгиланди.

Вояга етмаган болага нисбатан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлардаги қасддан одам ўлдириш, терроризм ва бошқа кўрсатилган ҳолатлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси бериладиган бўлди.

Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш қўлланилмайди.

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар вояга етмаган боланинг тарбиясидаги мажбуриятларини бажармаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жаримага тортилади.

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулоти тарқатилганда, ахборот маҳсулоти мусодара қилиниб тарқатган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баравари миқдорида жарима солинади.

Болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорини ижро этмаслик ёки ижро этишга тўсқинлик қилган фуқароларга уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача жарима солинади.

Болани тарбиялаш ва унга таълим бериш мажбурияти юклатилган таълим ташкилоти ходими болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилса, бу меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос бўлади.

Зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.

Жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчига давлат ҳисобидан адвокат иштироки таъминланади.

 

Маълумот учун: бундан олдин, яъни 11 сентябрда қабул қилинган Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганди. Унга кўра, жумладан, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган педагоглар учун жавобгарлик белгиланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 15.10.2026 Ko'rishlar 42
Ulashish