Бош прокуратура Академияси ташкил этилганлигининг 2 йиллиги муносабати билан 2020 йил 12 май куни “Юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-амалий видео-конференция бўлиб ўтди, деб хабар берди proacademy.uz сайти.
Илмий-амалий конференция ишида Бош прокуратура Академияси, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ҳарбий-техник институти, Ички ишлар вазирлиги академияси, Божхона институти, Давлат солиқ қўмитасининг малака ошириш институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчилар, шунингдек юридик фан ва амалиётга алоқадор мутахассис ва экспертлар иштирок этдилар.
Онлайн режимида ўтказилган мазкур конференцияга Бош прокуратура Академияси Марказининг бошлиғи М.М.Мамасиддиқов модераторлик қилди. Бош прокуратура Академияси бошлиғи Е. Коленко тадбир иштирокчиларини қутлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев "Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда халқаро-ҳуқуқий тадқиқотларнинг ўрни" мавзусида маъруза қилди.
Иштирокчилар ўтган даврда юридик фан ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида эришилган ютуқлар ҳақида фикр алмашдилар, шунингдек мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Конференция якунида юридик фанни янада ривожлантиришнинг истиқболлари хусусида хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир доирасида конференция материаллари жамланган икки жилддан иборат тўплам тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тўпламда конференция иштирокчиларининг юридик фанларни ривожлантиришнинг назарий, ташкилий жиҳатлари ва унинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш масалалари, давлат-ҳуқуқий, фуқаролик-ҳуқуқий, жиноят-ҳуқуқий ва халқаро-ҳуқуқий фанларни ривожлантириш ҳамда коррупция муаммоларига бағишланган илмий мақола ва тезислар ўрин олган.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида Илмий-тадқиқот консорциумининг навбатдаги йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда идоралараро ҳамкорликда амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи муҳокама қилиниб, 2020 йилнинг иккинчи ярмида биргаликда ўтказиладиган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.05.2020
- Кўришлар: 4394
- Чоп этиш