Остона шаҳри – глобал масалалар муҳокамаси қизғин давом этаётган муҳим мулоқот майдонига айланди

Қозоғистон Республикаси пойтахтида Остона халқаро форуми (AIF - 2025) бўлиб ўтмоқда.

“AIF - 2025”да 600 га яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, етакчи сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, корпорациялар, сармоядорлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда. 

Форум дастури замонамизнинг асосий муаммоларини қамраб олган. Тадбир доирасида ялпи мажлис ва 25 та муҳокама ва мунозаларларга асосланган мулоқот майдончалари ташкил этилди. 

Тадбирнинг куни кеча бўлиб ўтган очилиш маросимида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Руанда, Шимолий Македония Президентлари, бошқа давлатлар бош вазирлари, ўринбосарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

70 дан ортиқ давлатдан келган етакчи ахборот агентликлари, телеканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари форум ишини бевосита ёритиб бормоқда. 

Бугун ҳам форум ўз ишини давом эттирмоқда. Қозоғистон Республикасига расмий ташриф билан келган Италия Вазирлар Кенгаши раиси Жоржа Мелони Қосим-Жомарт Тоқаев билан бирга форумнинг махсус сессиясида иштирок этди. 

Италия Бош вазири ҳозирги геосиёсий вазият ва минтақавий ҳамкорлик тўғрисида нутқ сўзлади.

Бугун Остонага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи кутилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 30 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий Осиё – Италия" форматидаги олий даражадаги саммитда иштирок этади.

Умуман, бугун Остона шаҳри ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, энергия ва иқлим ўзгариши ҳамда иқтисодиёт ва молия каби глобал масалалар муҳокамаси қизғин давом этаётган муҳим мулоқот майдонига айланган. 

Норгул Абдураимова, ЎзА 

Тошкент – Остона

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech