Ўзбекистон Республикаси Президенти “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 11 та қонуни ҳамда 7 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шу асосда Бизнес-омбудсманга бир қанча қўшимча ваколатлар берилди.
Жумладан, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳамда унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш” деб номланган 1973-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимлари олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга била туриб ёлғон ахборот бериш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2458-моддаси билан Кодекснинг 1973, 2411–24111-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома кўриб чиқиш учун ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга юборилиши белгиланди.
Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фуқаролик ишлари бўйича судларнинг, шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судларнинг кучга кирган қарорлари устидан кассация ва назорат тартибида шикоят қилиш бўйича ҳуқуқи ҳам қайд этилган.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ишда иштирок этган-этмаганлигидан қатъи назар, қонуний кучга кирган, мазкур иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори, ажрим ва қарор устидан шикоят қилишга ҳақлидир. Бундан бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилишини мувофиқлаштиришда Савдо-саноат палатасининг иштироки белгиланиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритилган.
Янги Қонунда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни ва унинг ўринбосарларини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан буён Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосарлари – мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш ва тиббий таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг шўъба мудирига тенглаштирилади.
ОАВ материаллари асосида тайёрланди
- Қўшилди: 15.11.2019
- Кўришлар: 6450
- Чоп этиш