Боланинг фикри муҳим

Олий Мажлис Сенати 2020 йил 28 февралда бола манфаатларига хизмат қиладиган муҳим қонунни тасдиқлади. Ушбу қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев "Народное слово" газетасининг 2020 йил 10 май сонида эълон қилинган "Боланинг фикри муҳим" ("Важно мнение ребенка") номли мақоласида қайд этганидек, мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланган.

Марказ томонидан “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Шу асосда бир қатор қонун ҳужжатлари, хусусан, Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритиш белгиланган.

Миллий қонунчиликдаги бу янгиликлар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларига тўла мосдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech