Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар Шайхали қўрғонида жойлашган 2-сон жазони ижро этиш колонияси кутубхонасига беғараз асосда турли ҳуқуқий, адабий ва маърифий китоблар топширилди. Бундай совға учун муассаса маъмурияти ва маҳкумлар ўз миннатдорликларини билдиришди.
5-6 февраль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиқлари Отабек Норбоев ва Фарҳод Ҳайитбоев мазкур муассасада жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ маҳкумлар билан суҳбатлашди. Учрашувда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар ҳамда қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Мулоқот чоғида маҳкумлар қўшимча детектив китоблар, луғатлар, адабий-маърифий китоблардан юборишни сўрашди.
– Мамлакатимиз жиноят-ижроия қонун ҳужжатларининг вазифаси жазо ижросини таъминлаш, маҳкумларни ахлоқан тузатиш, жиноятлар содир этилиши олдини олиш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат, – дейди Марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи О.Норбоев. – Шу боис муассасада маҳкумларнинг яшаш шароитлари, овқатланиш, дам олиш ҳамда ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул бўлишлари аҳволи, шунингдек бўш вақтларида спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, тиббий хизматдан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароит билан танишдик.
Марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев қайд этганидек, жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкумларнинг соғлиғи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жалб қилинган малакали мутахассислар кузатувидан ўтказилди ва улар ўзларининг хулосаларини беришди. Ўрганиш якунида муассаса маъмуриятига тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Муассаса раҳбарияти келгусида маҳкумлар билан учрашувлар ўтказиш учун жойлардан кўпни кўрган нуронийлар, иқтидорли ёшлар, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди масъуллари ҳам тез-тез келиб туришлари мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратди. Бундай халқчил мулоқотлар, ўз навбатида, маҳкумларнинг тўғри йўлни танлашида фойдалидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.02.2020
- Кўришлар: 4717
- Чоп этиш