23 ноябрь куни “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизими раҳбарлари иштирок этди.
Вебинар шаклида щтказилган машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилди.
Ўқув модули машғулотларида халқаро экспертлар сабоқ бермоқда. Бундан мақсад тингловчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар мазмун-моҳияти ва уларнинг мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамиятига доир билимларини чуқурлаштиришдан иборат.
Махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ўтказилмоқда. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.
Яқинда Ўзбекистон 1921-1923 йилларга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Шу маънода, мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва малакасини ошириш янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.11.2020
- Кўришлар: 3846
- Чоп этиш