Эртага пойтахтимизнинг “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида шу мавзуда халқаро форум бошланади. Анжуманда 50 дан зиёд хорижий ва 100 нафарга яқин миллий экспертлар иштирок этади.
Халқаро форумни ўтказишдан мақсад, аввало, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдир. Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида қабул қилинган янги нормалар билан халқаро жамоатчиликни таништиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Анжуман якунлари бўйича гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга доир амалий таклиф ва тавсиялар тайёрлаш кўзда тутилган. Форум бу соҳадаги хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Халқаро анжуман Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Форумда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари таклиф этилган. Анжуман ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этади.
Маълумот учун: 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади. Қонуннинг 12-моддасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг ваколатлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентярдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси таркиби тасдиқланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева Комиссия раисидир. Комиссия аъзолари сафида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Марказ директорининг ўринбосари Дилноза Муратова бор.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси мазкур Комиссиянинг ҳам раиси ҳисобланади. Комиссия аъзолари рўйхатига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори киритилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.11.2019
- Кўришлар: 5112
- Чоп этиш