Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 7 ноябрь куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн билан учрашди.
А.Саидов дастлаб шу йил 21-26 октябрь кунлари АҚШга ташрифи доирасида БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла М'Жид, шунингдек, ЮНИСЕФ Дастурлаштириш бошқармаси ижрочи директори Ҳенриетта Ахренс ва ушбу Бошқарманинг Инсон ҳуқуқлари бўлими дастурлаштириш бўйича менежери Ратха Жҳавери хонимлар билан ўтказган учрашувлари ҳақида тўхталди.
Ушбу мулоқотларда 2019 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани юкори баҳоланганига эътибор қаратилди. Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
С.Грауманн бундан аввал Суриядаги қонли жанггоҳлардан 157 нафар ўзбекистонликлар ватанга қайтариб олиб келингани ва уларнинг орасида ҳам норасидалар кўпчиликни ташкил этиши ҳақида сўзлади. ЮНИСЕФ вакили Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ҳаётини сақлаб қолиш борасида олиб бораётган бу каби хатти-ҳаракатларини эътироф этар экан, бундан кейин ҳам ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини билдирди.
Томонлар Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга катта масъулият билан ёндашаётганини таъкидладилар. Бу борада қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиздаги “Севимли” телеканалида махсус “ток-шоу” ташкил этиш, Конвенция ва унга 3 та Протокол матнини ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида яхлит тўплам шаклида нашрдан чиқариш, мактаб ўқувчилари учун “Бола ҳуқуқлари” фани бўйича дастур ва қўлланмалар тайёрлаш ҳақида келишиб олинди.
Маълумот учун: Халқаро ҳамжамият БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини 2019 йил 20 ноябрда нишонлайди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция Бош Ассамблея томонидан 1989 йили қабул қилинган ва 1990 йили кучга кирган. Дунёдаги 196 та давлат, шу жумладан, БМТ аъзоси бўлмаган Ватикан каби давлатлар ҳам мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарорига асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бажариш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Дастур ижроси доирасида, давлат ва нодавлат тузилмаларда мавжуд салоҳият ва ресурслардан фойдаланган ҳолда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормалари аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда.
Айниқса, бола ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ҳақида жойлардаги болалар манфаатлари йўлида ишлаётган тегишли давлат ва жамоат тузилмаларини мақсадли, ялпи ва тизимли хабардор қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.11.2019
- Кўришлар: 5433
- Чоп этиш