19 сентябрь куни Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши делегацияси аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан учрашди.
Учрашувда аввало Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаолияти ҳақида қисқача маълумот берилди. Кейинги даврда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган шиддатли демократик ислоҳотлар доирасида Марказнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тубдан кенгайгани таъкидланди.
Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонда одил судловни амалга ошириш соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши билан қизиқди. Судьялар қабул қиладиган қарорларнинг холислиги, бу жараёнларнинг коррупциялашувдан холилиги, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлардан манфаатдорлиги, мамлакатда инвесторларга тақдим этиладиган ҳуқуқий кафолатлар ҳақида фикр юритилди.
Мамлакатимизда кейинги уч йилда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга ниҳоятда катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бинобарин, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланмаса, бир томондан, халқ фаровонлигига эришиб бўлмайди, иккинчи томондан, хорижий инвесторлар мамлакатга сармоя киритишдан ўзини тортади.
Суд ва прокуратура тизимларидаги коррупция ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келиб имзолаган дастлабки қонун ҳужжати – “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йили тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.
Шу асосда ўтган даврда 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг таркиби тубдан янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда мазкур йўналишдаги функцияларни мақбуллаштиришда ягона ва илғор ёндашувларни жорий этиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари аниқ ва равшан белгилаб олинган. Бунда, жумладан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Конституцияси 11-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз давлат ҳокимияти тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Шу маънода, суд тизимининг фаолиятига қонун чиқарувчи ҳокимият ҳам, ижро этувчи ҳокимият ҳам аралашиши мумкин эмас.
Бу, ўз навбатида, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, судьялар ўз қарори, ҳукми ва ажримларини мустақил ва холис тарзда, қонун ва адолат талаби ҳамда ўз хоҳиш-ихтиёри асосида қабул қилиши жуда муҳимдир.
“Ўзбекистонга ташрифимдан мақсад мамлакатингиз ҳукумати билан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар масаласи бўйича амалий мулоқот ўрнатишдан иборат, – деди Диего Гарсия-Саян. – Бундай мулоқот бизга ана шу янгиланишларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга, хусусан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳокимиятнинг бўлиниши принципларига қанчалик мутаносиблигини баҳолаш имконини беради”.
Мулоқотда БМТнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасига масъул институтлари, жумладан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг тавсиялари билан ишлаш борасида Ўзбекистонда ижобий тажриба шакллангани қайд этилди. Бу йўналишда кейинги даврда 10 та “Йўл харитаси” тасдиқланди ва уларда белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Учрашув якунида жаноб Диего Гарсия-Саян тақдим этадиган амалий тавсиялар бўйича мамлакатимиз судьялари, прокурорлари ва адвокатларининг бевосита иштирокида алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши билдирилди. Бу ҳужжат миллий парламент томонидан тасдиқланади ва амалда татбиқ этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.09.2019
- Кўришлар: 5812
- Чоп этиш