Онлайн-мулоқот мавзуси: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия лойиҳаси муҳокамалари

24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро эксперти Георгий Тугуши билан  видеоконференцалоқа шаклидаги ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу онлайн-мулоқот БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий мувофиқлаштирувчиси ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирдан мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат.

Видеоалоқа жараёнида халқаро эксперт Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга ижобий баҳо берди. Георгий Тугуши, хусусан, “Economist” журналини мунтазам таҳлил қилиб бориши, кейинги вақтларда мазкур нуфузли нашрда Ўзбекистондаги сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларга доир бир қатор материаллар билан танишгани ҳақида сўзлади.

– Мамлакатингизнинг БМТ билан инсон ҳуқуқлари масаласида яқин ҳамкорлиги эътирофга сазовор, – деди Г.Тугуши. – Фикримча, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ушбу йўналишдаги муҳим ва илдам қадамдир. Бу ҳужжат билан танишиш асносида унда халқаро амалиётдан кенг фойдаланилганига амин бўлдим. 

Учрашув давомида қайд этилганидек, Миллий стратегия лойиҳаси давлат органлари ва идоралари, фуқаролик жамияти институтлари тарафидан кенг муҳокама қилингани диққатга лойиқдир.

Лойиҳа, шунингдек жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг расмий сайтида жойлаштирилган. Муҳокамалар жараёнида 100 дан ортиқ давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан 500 дан зиёд таклифлар олинди.

Бундан ташқари, лойиҳа юзасидан жорий йилнинг 28 февралида Миллий маслаҳатлашув ташкил этилган. Унда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари фаол қатнашган.

Лойиҳа бўйича БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий мувофиқлаштирувчиси ва БМТ Агентликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Буюк Британия элчихонаси  ўз таклиф-мулоҳазаларини тақдим қилди.

Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда Озарбайжон, Жанубий Корея, Литва, Латвия, Швеция, Хитой, Қозоғистон, Украина, Финландия каби давлатларнинг тажрибаси бевосита ўрганилди. Шунингдек, лойиҳа юзасидан Женева, Лондон, Москва шаҳарларида брифинглар ўтказилди.

Миллий стратегия лойиҳаси Марказ веб-сайтига жорий йил 23 мартида иккинчи маротаба жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Шу вақтгача 50 дан ортиқ янги таклифлар келиб тушди.

Томонлар айни вақтда лойиҳа матнини 30 дан зиёд давлат органлари ва ННТлар билан келишув жараёни амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мулоқот якунида Миллий стратегия лойиҳаси бўйича БМТ эксперти ҳам ўз таклифларини билдирди. Томонлар лойиҳани маромига етказилганидан сўнг яна бир бор муҳокама қилиш ҳақида келишиб олдилар.

 

Маълумот учун: Г.Тугуши – 2009-2012 йилларда Грузия Омбудсмани  ва 2012 йилда ушбу мамлакатнинг Жазони ижро этиш ва ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича вазири лавозимларида фаолият юритган.

Шунингдек, у БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси бўлган. Ҳозирги вақтда БМТ, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича эксперти ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech