Жорий йилнинг 21 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 889-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукуматнинг 10 га яқин қарорларига ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришларга кўра, банд шахсларга иш стажи давлат солиқ хизмати органлари томонидан бериладиган:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномалар бўйича белгиланади.
Ҳозирга қадар фақат Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномалар бўйича белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, эндиликда фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига ариза билан мурожаат қилганда, улардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб этиш бекор қилинди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилганда боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асли ўрнига унинг нусхасини тақдим этиш ҳуқуқи жорий этилди.
Бу ўзгартиришлар пенсия тайинлашда фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга қаратилган. Шу билан бирга, ортиқча қоғозбозликка ҳам барҳам берилади.
Оммавий ахборот воситалари хабарлари асосида тайёрланди
- Қўшилди: 29.10.2019
- Кўришлар: 5745
- Чоп этиш