Дунё лидер-аёлларининг глобал ташаббуси: «Барча учун шайлан»

Жорий йил 27 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад ижтимоий тармоқларда бутун дунёдаги етакчи аёлларнинг «Барча учун шайлан» мулоқот-ахборот кампаниясини бошлаб берди.

Дунё лидер-аёлларининг глобал миқёсдаги ушбу ташаббусидан кўзланган мақсад — COVID-19 пандемияси оқибатларига барҳам беришга қаратилган фавқулодда ижтимоий-иқтисодий чоралар бўйича БМТнинг Ҳадли дастури ва "Йўл харитаси"да баён этилган ялпи жавобгарлик, глобал бирдамлик ва муҳтожларга тезкор кўмак беришга доир даъватни кенг қўллаб-қувватлашдан иборат.

БМТнинг Ҳадли дастурида, хусусан, бугунги оғир шароитларда иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналарни рағбатлантириш, кишиларга яшаш учун керакли воситаларни етказиб бериш зарурлиги қайд этилган. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жамият ва иқтисодиётни янада барқарор ва тенг асосларда қайта тиклаш учун муҳим имкониятларни юзага келтиради.

БМТ Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад жаҳон ҳамжамиятига мурожаатида таъкидлаганидек, "Энг янги тарихнинг ҳозирги мисли кўрилмаган инқирози шароитида аёллар COVID-19 пандемиясига қарши курашнинг олдинги марраларида борар экан, улкан миқёсдаги қийинчилик ва йўқотишларга дучор бўлмоқдалар". Шу маънода, "лидер-аёлларнинг пандемияга қарши курашда ғолиб чиқиш ҳамда янада мустаҳкам ва аҳил тинчликка эришиш учун фаол курашга шайланиш фурсати етди", дейди у.

Дунёнинг етакчи аёллари жаҳон жамоатчилигини инқироз асоратларини бартараф этиш ва қайта тиклаш бўйича БМТнинг Мақсадли фонди учун маблағ жамғаришга ҳам чорламоқдалар. Бу маблағлар коронавирусдан энг кўп азият чеккан инсонлар, оғир иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий ларзаларга учраган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш учун сарфланади.

Ҳозирги кунда аксарият давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу ташаббусни маъқуллаб чиқмоқда. Дунё лидер-аёлларининг глобал ташаббусини биринчилар қаторида:

  • Эфиопия Президенти Сахле-Ворк Зевде;
  • Норвегия Бош вазири ва Барқарор тараққиёт мақсадлари бўйича фаол Эрна Солберг;
  • Барқарор тараққиёт мақсадлари бўйича фаол Моза бинт Насер ҳазрати олиялари;
  • Барбадос Бош вазири Миа Моттли;
  • Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси ҳамраиси Мелинда Гейтс;
  • Барқарор тараққиёт мақсадлари бўйича фаол Диа Мирза;
  • «БМТ-аёллар» тузилмасининг кўнгилли элчиси Муниба Мазари;
  • ЮНИСЕФ Ижрочи директори Генриетта Фор;
  • «БМТ-аёллар» тузилмасининг намояндаси Фумзиле Мламбо-Нгкука;
  • ЮНФПА вакили Наталия Канем қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда ҳам ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланиши шубҳасиз. Чунки, бир томондан, юртдошларимиз коронавирус пандемияси асоратлари қанчалик оғир эканини яхши тасаввур этади. Карантин даврида халқимизнинг аҳиллик, бирдамлик ва ҳамдардлик фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда.

Иккинчи томондан, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда мавқеини тубдан оширишга қаратилган самарадор ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда ҳам ўз мустақил ёндашувига эга лидер-аёллар тоифаси изчил шаклланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech