Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази муассислигида таъсис этилган “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро илмий журналининг илк сони нашрдан чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро илмий журнали ташкил этилди.
Оила институтини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни ёритиш мақсадида ҳар чоракда чоп этилиши кўзда тутилган ушбу илмий журнал Олий аттестация комиссияси, “Scopus” хорижий илмий базаси ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги рўйхатига киритилди. Журнал рус ва инглиз тилларида, босма ва электрон шаклда жамоатчиликка тақдим этилади.
Журналда Ўзбекистон, шунингдек, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Германия, Франция, Тожикистон, Канада, Қозоғистон давлатлари олимларидан иборат таҳририят кенгаши шакллантирилган.
Ушбу журнал халқаро миқёсда мамлакатимиз имижини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишига, унинг илк сонидаги мақоласида Бош муҳаррир Д.Тошмуҳамедова таъкидлаганидек, “нафақат илм-фан, балки жамият учун ҳам қизиқарли, мазмунли ва ҳақиқатан фойдали бўлиши”га тилакдошмиз.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими
- Қўшилди: 29.08.2019
- Кўришлар: 6526
- Чоп этиш