Саноқли кунлардан кейин бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам учинчи бор парламент аъзоларининг касб байрами кенг нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 майдаги 72-сессиясида 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни сифатида таъсис этилган.
Шу муносабат билан 2020 йил 10 июнь куни «БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мисолида БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишда парламентнинг роли» мавзусидаги халқаро парламент форуми ташкил этилмоқда. Тадбирда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон парламенти ролини ошириш мавзуси муҳокама қилинади.
Видеоконференция шаклидаги мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Парламентлараро иттифоқ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилмоқда.
Онлай-анжуманга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Aкмал Саидов модераторлик қилади.
Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Парламентлараро иттифоқ раҳбарлари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕҲХТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этади.
Маълумот учун: Жаҳон ҳамжамияти томонидан айнан 30 июнь –Халқаро парламентаризм куни этиб белгилагани бежиз эмас. Бундан 131 йил олдин, 1889 йили худди шу санада Парижда дунё давлатлари парламентларининг асосий халқаро органи ҳисобланувчи Парламентлараро иттифоқнинг илк халқаро конференцияси очилган.
Бугунги кунда Парламентлараро иттифоққа 179 мамлакат парламентлари аъзодир. Бу мамлакатларнинг ҳар бирида давлат ҳокимияти вакиллик органи фаолият олиб боради. БМТга аъзо 193 та давлатдан 79 тасида – икки палатали, 114 тасида эса бир палатали парламент тизими амал қилмоқда. Дунё парламентларининг жами 272 та палатаси таркибида қарийб 46 000 нафар парламент аъзоси бор.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътирофи сифатида тарихда биринчи бор мамлакатимиз вакили 2020-2023 йилларда Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида қайд этилди. Яъни, 2020 йил бошида Парламентлараро иттифоқ бошқарув органларининг янги таркибини шакллантириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари A.Саидов Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, шунингдек, унинг молия бўйича кичик қўмитаси аъзоси этиб тайинланди.
Ўзбекистон парламенти вакилининг дунё қонун чиқарувчи органларининг бундай нуфузли форуми ишида қатнашиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни янада самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу, шунингдек халқаро парламентлараро ҳамкорлик кун тартибини шакллантиришда мамлакатимиз иштирокини таъминлаш имконини бермоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.06.2020
- Кўришлар: 4091
- Чоп этиш