Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 майдаги «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонининг асосий бандлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида нашр этилди ва БМТнинг барча расмий тилларида ташкилотга аъзо давлатлар орасида тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Давлатимиз раҳбари фармонининг БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиянинг расмий ҳужжат сифатида қабул қилиниши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинганидан далолатдир.
Ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш» сессиясининг кун тартибидаги масала сифатида тақдим этилган. Унда таъкидланишича, Фармон муқаддас Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида ўзбек халқининг меҳрибонлик, сахийлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат каби олижаноб фазилатларининг ёрқин намойиши сифатида қабул қилинган.
Афв этилганларнинг 16 нафари асосий жазони ўташдан тўлиқ озод қилинди, 101 киши жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди, 24 кишига нисбатан тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Бундан ташқари, 117 кишига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддати қисқартирилди.
Жазодан озод этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.
Афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилгани таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.06.2020
- Кўришлар: 3987
- Чоп этиш