2020 йилнинг 13 октябрь куни 2021-2023 йиллар даврига Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси этиб сайланди. Ушбу Кенгаш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш учун масъул орган ҳисобланади. Кенгаш 47 аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири уч йиллик муддатга сайланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси 2021 йил 22 февраль куни Швейцария пойтахти Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўз ишини бошлади. Мазкур сессиянинг Юқори даражадаги сегменти ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Президентимиз нутқида қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратилди:
- инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туриши;
- гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттириш;
- алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш;
- аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиши;
- Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишлар амалга оширилгани;
- Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш;
- БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаш.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Ушбу соҳада бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисидаги”, 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, 2020 йил 15 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бугунги кунда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг сони ортиб бормоқда. Парламент палаталарида аёл депутат ва сенаторлар сони ошгани ҳамда тобора кўпроқ аёллар ҳоким ва элчи сифатида тайинланаётгани гендер сиёсати масалалари бўйича ижобий ишларга яққол мисол бўла олади.
Шу кунга қадар Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахслар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу эса ушбу тоифага мансуб шасхлар маълум ҳуқуқлардан фойдаланишида муаммоларни юзага келтирган.
2020 йил 13 мартда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси асосида 50 минг нафардан ортиқ шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш имконияти яратилди. Ўз навбатида, бу муҳим қадам фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтиришга самарали туртки берди.
Шунингдек, 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида 2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини олиш имконияти берилиши, бу билан яна 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлиши ҳамда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилиниши таъкидланди. Бу муҳим мавзу давлатимиз раҳбарининг Женевадаги чиқишида ҳам тилга олинди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатимиз раҳбари эътиборида турган асосий йўналишлардан биридир. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”.
Ҳусниддин Холмаматов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими
етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 25.02.2021
- Кўришлар: 4879
- Чоп этиш