13 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳасининг видеоконференцалоқа шаклидаги халқаро муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди.
Муҳокамада БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Ҳелена Фрейзер, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси (ИҲОКБ) масъул ходими Наталья Кузьмина ҳамда ИҲОКБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг Инсонийлик мезонлари лойиҳалари бўйича маслаҳатчиси Матье Лемуан, БМТ ва ЕХҲТнинг халқаро эксперти Георгий Тугуши, Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги Доимий вакили Улуғбек Лапасов, шунингдек БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари иштирок этди.
Тадбирдан мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси лойиҳасини халқаро экспертиза қилишдан иборат. Кейинги вақтда мазкур ҳужжат лойиҳаси миллий ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинди. Ана шу муҳокамалар жараёнида 100 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотлар, БМТ ва унинг Агентликлари, ЕХҲТ каби халқаро ҳамкорлардан амалий таклифлар олинди.
Халқаро муҳокама иштирокчилари Миллий стратегия ҳамда уни амалга оширишнинг “Йўл ҳаритаси” лойиҳалари тўғрисида фикр юритиб, ушбу ҳужжатларга ижобий баҳо бердилар.
БМТ вакили Ҳ.Фрейзер Стратегиянинг мақсади инсон ҳуқуқлари бўйича миллий тизимни шакллантириш эканлигини қайд этди. Бу ҳужжатни Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индикаторлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш масаласига эътиборни қаратди.
Ҳ.Фрейзер ҳозирги пандемия шароитларида “парламент, фуқаролик жамиятини институтлари иштирокида COVID-19 пандемияси ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида анжуман ўтказиш таклифини билдирди. У, шунингдек, Миллий стратегия ва БРМга эришишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар тажрибасидан фойдаланишга чақирди.
ИҲОКБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Р.Коменда ҳозирги пандемия шароитларида, унинг салбий оқибатлари билан бир қаторда, ундан ижобий жиҳатларини топишга ҳаракат қилиш кераклиги хусусида тўхталди. Мисол учун, бундай шароитларда, янги ахборот технологиялардан фойдаланиб, бугунгидек тадбирларнинг тезлик ва ортиқча ресурсларсиз ўтказилиши лойиҳанинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, “халқаро экспертиза бир неча йилларга мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳаси сифатини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, уни БМТ томонидан юритиладиган шаклга мослаштириш имконини ҳам беради”, деб таъкидлади Р.Коменда.
ЕХҲТ вакили М.Лемуаннинг фикрича, “бугунги синовли кунларда Сардоба тумани аҳолисига Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан гуманитар ёрдам юборилиб, халқаро бирдамлик муҳимлиги ҳамда бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши катта аҳамият касб этаётир. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан ҳам Миллий стратегия лойиҳаси бўйича бир қатор таклифлар берилган бўлиб, бу таклифларнинг лойиҳа матнига киритилгани қувонарли ҳолат”.
БМТ ва ЕХҲТ эксперти Г.Тугуши Миллий стратегия ва “Йўл ҳаритаси” лойиҳалари мукаммал ишланганлиги, содда ва тушунарли тилда ёзилганлиги, стратегик аҳамиятга эгалиги, қисқа муддатга мўлжалланмасдан, балки инсон ҳуқуқлари соҳасида истиқболли режалар белгилаб олинганлигига эътиборни қаратди. Лойиҳани амалга ошириш катта саъй-ҳаракатлар ва ресурсларни талаб қилади. Энг муҳими, ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатда улкан ижобий ўзгаришларга олиб келиши тайин.
Г.Тугуши, шунингдек лойиҳани халқаро форматга мувофиқлаштириш бўйича ўз тавсияларини берганлигини ва келгусида ушбу ҳужжат бошқа давлатлар, жумладан Марказий Осиё минтақаси учун намуна бўлиши мумкинлигини билдирди. Айниқса, ушбу ҳужжат минтақада ижобий аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Женевадаги Доимий вакили У.Лапасов мазкур ҳужжат бўйича ИҲОКБ билан ҳамкорлик қилинаётганлиги хусусида тўхталди. Келгусида Женевада халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг дипломатик корпусини жалб этган ҳолда, мазкур Миллий стратегия тақдимотини ўтказиш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Халқаро муҳокама қизғин ва амалий руҳда ўтди. Миллий стратегия қабул қилинганидан сўнг халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, халқаро ва миллий экспертлар иштирокида унинг тақдимотини ўтказиш таклифи маъқулланди.
Бундан ташқари, “COVID-19” пандемияси ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида видеоконференция ташкил қилиш ҳақида ҳам келишиб олинди.
Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги фармони билан тасдиқланган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 268-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.05.2020
- Кўришлар: 4385
- Чоп этиш