Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифига тайёргарлик жараёнлари қизғин паллага кирди.
Олий даражадаги ташриф арафасида миллий парламент аъзолари, давлат ташкилотлари раҳбарлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатда бўлиб турибди. Делегация таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмитаси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам бор.
12 декабрь куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Япония Парламенти депутатлари билан учрашди. Кунчиқар юртнинг қонун ижодкорлари Ўзбекистондаги тараққиёт одимларини диққат билан кузатиб бораётганларини ўзаро мулоқот чоғида яққол намоён этишди.
“Шунинг учун япониялик ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга юксак баҳо бердилар”, деб ёзди учрашувда иштирок этган делегациямиз аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков ўзининг “Facebook”даги саҳифасида.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония парламентларининг депутатлари икки мамлакат ўртасида таълим, туризм, транспорт инфратузилмаси ва савдо-сотиқ соҳаларида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш истагини билдирди. Бу, ўз навбатида, Японияда Ўзбекистон билан муносабатларни кучайтиришга қизиқиш катта эканидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(Суратлар Э.Туляковнинг “Facebook”даги саҳифасидан)
- Қўшилди: 13.12.2019
- Кўришлар: 5105
- Чоп этиш