Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи арафасида миллий парламент аъзолари, давлат ташкилотлари раҳбарлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
13 декабрь куни мамлакатимиз делегацияси аъзолари кунчиқар юртда ғоят масъулиятли ва шарафли тадбирда иштирок этдилар.
Нобель мукофоти совриндори, машҳур япон олими профессор Риёдзи Ноёрига – Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий академиги, Нагоя Университети президенти профессор Мацуо Сейитига эса Тошкент Давлат техника университетининг фахрий ректори унвонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга бўлажак ташрифи ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Бўлажак ташриф, шубҳасиз, мавжуд самарали алоқаларни янада юқори поғонага кўтаришга, давлатлараро муносабатларда янги босқичнинг бошланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мулоқотларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий ва маърифий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда янада жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумот учун: таниқли кимё олими Ноёри Рёдзи 2001 йилда каталитик асимметрик синтез соҳасидаги ишланмаси учун Нобель мукофотини олган. Япониянинг таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги илмий кенгашининг ҳақиқий аъзоси ва БМТнинг етакчи лойиҳалари ҳамда АҚШ, Хитой, Европа мамлакатлари Фанлар академияларининг аъзоси.
Ноёри Рёдзи 2018 йил август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўшанда у ўзбек-япон илмий симпозиумида вазирлик ва идоралар, Фанлар академияси, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, республикамизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган иқтидорли талабалар ва ёш илмий тадқиқотчилар ҳузурида маъруза қилган.
Мацуо Сейити раҳбарлик қилаётган Нагоя Университети 1871 йил ташкил топган бўлиб, 148 йиллик тарихга эга. Бу нуфузли олий таълим масканида бугунги кунда қарийб 16 минг нафар талаба таҳсил олади.
Нагоя университети президенти Мацуо Сейитининг 2018 йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Япониянинг мазкур Университети билан Тошкент Давлат техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Меморандумда ўзбекистонлик иқтидорли талабалар Нагоя университетида бепул таълим олиши назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(Суратлар делегация аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхоновнинг “Facebook”даги саҳифасидан олинди)
- Қўшилди: 13.12.2019
- Кўришлар: 5308
- Чоп этиш