Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 27 ноябрь куни Касби туманида бўлиб, 130-Касби сайлов округи сайловчилари билан учрашди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ушбу ҳудуддаги ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга туртки бериш мақсадида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти раислигида 26 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича қабул қилинган чора-тадбирларнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Акмал Саидов Президентимизнинг 2019 йил 17 январда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 2019 йил 8 январда қабул қилинган «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ҳам эътиборни қаратди. Ушбу муҳим ҳужжатлар ижроси доирасида Касби туманида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифидан сўнг Касби туманини "қизил ҳудуд"дан "яшил ҳудуд"га айлантириш учун зарур молиявий манбалар ва вазирлар орасидан масъул раҳбарлар белгиланди. Айни вақтда Қашқадарё вилояти ва Касби тумани ҳокимлари тегишли секторлар бўйича масъул раҳбарлар билан биргаликда бу борада изчил иш олиб бормоқда.
Учрашувда 50 нафардан зиёд сайловчи иштирок этиб, ўз муаммо ва таклифлари билан мурожаат қилди. Қашқадарё вилояти ҳокимининг ва вилоят прокурорининг ўринбосарлари, вилоят ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ана шу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича жойнинг ўзида зарур қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, фуқаро Санамой Қурбонова шароити оғирлигини маълум қилиб, ишдан бўшатилган ўғлининг ишга қайта тикланишида ёрдам сўради. Қашқадарё вилоят прокуратураси ушбу масалани ижобий ҳал этишни зиммасига олди.
Фуқаро Дилфуза Камолова уй-жой билан таъминланишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу мурожаат ижроси билан Касби туман ҳокимлиги шуғулланмоқда.
Юртдошларимиз шахсий муаммолари билангина чекланиб қолмасдан, балки ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудни ҳар томонлама равнақ топтиришга доир амалий таклифларни ҳам илгари сурдилар. Жумладан, халқ депутатлари Касби туман Кенгаши депутати Султон Ҳамроев туман марказида "Ёшлар маданият уйи" ташкил этишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.
Мазкур масала билан вилоят ҳокимлиги шуғулланишга киришди. Учрашув якунида Акмал Саидов Касби тумани обод бўлиши, касбиликлар бахтли ва фаровон яшаши йўлида қўлидан келганича ёрдам беришга ҳамиша тайёрлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.12.2020
- Кўришлар: 3772
- Чоп этиш